Tesla Германияда ҳайдовчисиз такси ишлаб чиқаришга 3 миллиард евро сармоя киритади
Американинг "Tesla" компанияси Германия Федератив Республикаси Грюнхайд шаҳридаги корхонасини кенгайтириш учун уч миллиард евро сармоя киритишни режалаштирди. Янги қувват "Cybercab" русумли ҳайдовчисиз такси ишлаб чиқариш учун мўлжалланган, деб хабар берди "Bild" нашри.
Режага кўра, Бранденбург федерал ерида қўшимча корхона қурилиши 2027 йил биринчи ярмида бошланади. 2029 йилга бориб, бошқарувчисиз автомобиль ишлаб чиқарилиши кутиляпти.
Келгусида корхона миллион донагача роботакси яратиш имконига эга бўлади. Инвестиция лойиҳаси ёрдамчи ва қўшимча тозалаш иншоотлари барпо этишни ҳам ўз ичига олган.
Фаолиятини кенгайтириш асносида “Tesla” бир неча юзлаб мутахассис излашга киришди. Компания маълумотига кўра, сўнгги ойларда ходимлар сони икки минг кишига кўпайган. Октябрь ойида заводда 12 600 га яқин ходим ишлаган.
Аввалроқ электромобилга талаб сусайиши сабаб, олмон корхонасини ривожлантириш кечиккан эди. Энди тайёр машина чиқаришни ҳафтасига 7500 донага етказиш, аккумулятор батареяси тайёрлаш қувватини ҳам ошириш кўзланяпти.
Аввалроқ “Tesla” 2027 йил “Cybertruck” ишлаб чиқаришни тўхтатиши хабар қилинганди.
А.Маматов, ЎзА