Science ID нима ва олимларга қандай имкониятлар яратади?
Бугун Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш марказида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 31 октябрдаги “Илмий ва инновацион йўналишда фаолият юритувчи субъектларнинг реестрини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори мазмун-моҳияти ва унинг ижросига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда Инновацион ривожланиш агентлиги бошқармаси бошлиқлари Асрор Норов, Зафар Йўлдошев ва бошқа мутасаддилар сўзга чиқиб, қарорда белгиланган вазифалар, соҳада жорий этилаётган рақамли янгиликлар ҳамда уларнинг амалий аҳамияти юзасидан маълумот берди.
Таъкидланганидек, мазкур қарор илм-фан ва инновациялар соҳасида фаолият юритувчи ташкилотлар ҳамда олимлар тўғрисидаги маълумотларни ягона электрон муҳитда шакллантириш, илмий фаолият натижаларини ҳисобга олиш, давлат хизматларини рақамлаштириш ва маъмурий жараёнларни соддалаштиришда муҳим аҳамият касб этади. Қарор 2026 йил 3 ноябрдан кучга кирган.

Инновацион ривожланиш агентлиги Илмий тадқиқотларни ташкил этиш бошқармаси бошлиғи Асрор Норов таъкидлаганидек, илм-фан соҳасида ягона электрон маълумотлар тизимини шакллантириш илмий фаолият натижаларини тизимли ҳисобга олиш, маълумотлар шаффофлиги ва ишончлилигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
–Бугунги кунда илм-фан соҳасида фаолият юритаётган ташкилотлар, олимлар ва тадқиқотчилар ҳақидаги маълумотларни тизимли равишда шакллантириш, уларнинг илмий натижаларини холисона баҳолаш ва ягона электрон муҳитда жамлаш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Вазирлар Маҳкамасининг 604-сон қарори айнан шу йўналишда янги имкониятлар яратади. Эндиликда ташкилотларнинг ягона Реестри шакллантирилади, олимларга Science ID асносида такрорланмас илмий идентификация рақами берилади. Бу эса олимнинг иш жойи ёки шахсий маълумотлари ўзгарган тақдирда ҳам унинг илмий фаолияти натижаларини ягона тизим орқали кузатиб бориш имконини беради. Энг муҳими, ушбу механизмлар илмий натижаларни ҳисобга олишда шаффофлик, маълумотларнинг ишончлилиги ва соҳада ягона ёндашувни таъминлайди, – деди Асрор Норов.

Қарор доирасида 2027 йил 1 январга қадар Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан reyestr.ilmiy.uz электрон платформасини ишлаб чиқиш, 1 февралга қадар ташкилотларни Реестрга киритиш бўйича давлат хизматини йўлга қўйиш, 1 апрелга қадар эса илмий ва инновацион фаолиятга оид Ягона электрон базани жорий этиш белгиланган. Ушбу тизимлар орқали ташкилотлар ва олимлар фаолиятига оид маълумотларни марказлаштирилган ҳолда юритиш имконияти яратилади.
Янгиликлардан яна бири илмий даражага эга ходимларнинг илмий натижаларини электрон тарзда тасдиқлаш тартибидир. Энди илмий мақолалар, монографиялар, патентлар ва бошқа натижалар kutubxona.ilmiy.uz платформаси орқали тақдим этилади. Тасдиқланган маълумотлар қўшимча ҳақ белгилашда асос бўлиб хизмат қилади. Бунда якуний қарор ташкилотнинг ишчи комиссияси томонидан қабул қилинади.

Шунингдек, ёш олимларни хорижий стажировкаларга юбориш тартиби ҳам такомиллаштирилмоқда. Номзодлар QS, THE ёки ARWU рейтингларининг TOP-500 талигига кирган хорижий олий таълим муассасалари, шунингдек, AD Scientific Index рейтингида TOP-1000 таликдан ўрин олган илмий ташкилотларда стажировка ўташлари мумкин. Танловда 20 ёшдан ошган, 40 ёшга тўлмаган шахслар иштирок этади. Бир номзод бир вақтнинг ўзида фақат битта танловда қатнашиши мумкин.
Бундан ташқари, “Академик ҳаракатчанлик” дастури ва “Бўлажак олим” танловини ташкил этиш, молиялаштириш ҳамда мониторинг қилиш жараёнларини рақамлаштириш бўйича ҳам янги тартиблар белгиланган.
Матбуот анжумани якунида масъуллар журналистларнинг саволларига жавоб берди.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА