Сунъий интеллект даврида кибертаҳдидлардан қандай ҳимояланиш керак?
Рақамли технологиялар жадал ривожланаётган бугунги даврда киберхавфсизлик масаласи тобора долзарб аҳамият касб этади. Сунъий интеллект имкониятларидан кенг фойдаланиш ва интернет маконидаги фаолликнинг ортиши билан бир қаторда фишинг, сохта веб-сайтлар, дипфейк ҳамда бошқа кибертаҳдидлар ҳам тобора мураккаблашиб бормоқда.
Бу эса шахсий маълумотлар, корпоратив ахборот ва муҳим рақамли инфратузилмани ҳимоя қилиш, киберҳужумларнинг олдини олиш ҳамда фойдаланувчиларнинг рақамли саводхонлигини оширишга алоҳида эътибор қаратишни тақозо этади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 10 мартдаги “Ўзбекистон Республикасининг Киберхавфсизлик стратегиясини белгилаш ва кибержиноятчиликнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонида ҳам мазкур таҳдидларнинг олдини олиш, миллий киберхавфсизлик тизимини янада мустаҳкамлаш, рақамли маконда фуқаролар ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш устувор вазифа сифатида белгиланган.
Ана шу масалалар Тошкент шаҳрида “Kaspersky CyberSecurity Weekend 2026” тадбири доирасида ташкил этилган матбуот анжуманида ҳам муҳокама қилинди. Унда Ўзбекистон ва Россиядан киберхавфсизлик соҳаси вакиллари ҳамда экспертлар иштирок этиб, замонавий кибертаҳдидлар, сунъий интеллектнинг рақамли хавфсизликка таъсири ва улардан ҳимояланиш масалалари юзасидан фикр алмашди.

Тадбирда сўзга чиққанлар халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва тажриба алмашиш киберхавфсизлик соҳасидаги долзарб вазифаларни ҳал этишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Айтиш жоизки, бугунги кунда кибертаҳдидлар бизнес фаолиятининг барқарорлиги, ахборот тизимлари узлуксизлиги ва корпоратив маълумотлар хавфсизлигига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.
– Бизнес учун бу маълумотлар операцион хавф-хатарлар кўлами ҳақидаги жиддий огоҳлантиришдир. Фишинг, маҳаллий кибертаҳдидлар, шунингдек, стилерлар ва бекдорлардан фойдаланилган ҳужумларнинг кўпайиши компаниялар фаолиятини издан чиқариши мумкин. Фишинг ресурсларига ўтиш бўйича кўплаб уринишларнинг блокланиши иш жараёнларининг тўхташи ва жиддий молиявий йўқотишларга олиб келиши мумкин бўлган ҳодисаларнинг олди олинганини англатади. Бунда инсон омили энг заиф бўғин бўлиб қолмоқда. Ҳатто ўқув машғулотлари доирасидаги сценарийларда ҳам ходимларнинг бир қисми фирибгарлар тузоғига тушади. Шунинг учун киберхавфсизликни таъминлашда мувозанатли ёндашув зарур, – деди "Касперский лабораторияси"нинг Қозоғистон, Марказий Осиё ва Мўғулистондаги бошқарувчи директори Валерий Зубанов.

Тадбирда ташкилотларга дастурий таъминотни мунтазам янгилаб бориш, маълумотларнинг захира нусхаларини яратиш, киберхавфсизлик ҳодисаларига тезкор жавоб бериш режасини ишлаб чиқиш ҳамда ходимларни фишинг ва бошқа кибертаҳдидлардан ҳимояланиш бўйича ўқитиш тавсия этилди.
Тадбир якунида қайд этилганидек, киберхавфсизликни таъминлашда технологик ҳимоя чоралари билан бир қаторда, ходимларнинг рақамли саводхонлиги ва масъулиятини ошириш ҳам муҳим.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА