Темурийлар тамаддуни - дунё эътирофида (+видео)
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланган халқаро илмий конференция бўлиб ўтмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган мазкур тадбир жаҳон тарихи ва маданиятида Амир Темур ҳамда Шарқ Ренессанси цивилизациясининг ўрнини муҳокама қилиш учун йирик халқаро майдонга айланди десак муболаға бўлмайди.
Конференцияда дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 300 нафардан зиёд иштирокчи — етакчи олимлар, экспертлар, дипломатлар ва жамоатчилик вакиллари қатнашмоқда. Конференция ташкилотчилари сифатида Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги иштирок этмоқда. Тадбир Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Жаҳон жамияти (WOSCU) билан ҳамкорликда ўтказилмоқда.
Дастур доирасида иштирокчилар Темурийлар даврининг асосий жиҳатлари: давлат бошқаруви ва дипломатия, ҳарбий санъат ва стратегия, меъморчилик ва шаҳарсозлик, шунингдек фан, таълим ва маданият ривожи муҳокама қилинмоқда. Амир Темур меросининг жаҳон цивилизацияси, сиёсат ва иқтисодиёт шаклланишига таъсирига алоҳида эътибор қаратилади. Халқаро анжуман дастуридан Ислом цивилизацияси марказига ташриф, мавзули кўргазмалар, "Амир Темур ва Донна Мария" бадиий фильми намойиши, мэппинг-шоу, шунингдек "Кўнгилда тўй" саҳналаштирилган театр томошаси ҳам ўрин олган.
Ушбу конференциянинг ўтказилиши халқаро илмий мулоқотни мустаҳкамлаш ва Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий меросини жаҳон ҳамжамиятида тарғиб этишда муҳим қадам бўлади.
<iframe width="815" height="458" src="https://www.youtube.com/embed/MnXeyUSENj0" title="Temuriylar tamadduni - dunyo e’tirofida " frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳайё Турдалиева, Нишонбой Абдувоитов (видео), ЎзА