Амир Темур ва жадидлар: тарихий хотира ва миллий давлатчилик ғояси
Бир асрдан зиёд вақт аввал Абдурауф Фитрат «Юрт қайғуси» туркумида кўтарган миллий бирлик, мустақил давлатчилик иродаси ва Ватан тақдири учун масъулият масаласи бугунги шиддатли замонда ҳам жонли сабоқ бўлиб янграмоқда.
Президентимизнинг 2026 йил 5 февралда қабул қилинган «Буюк давлат арбоби ва саркарда, илм-фан, маданият ва санъат ҳомийси Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарори жаҳонгир бобомизнинг бой меросини теран англаш, уни илмий жиҳатдан ўрганиш ва кенг тарғиб этишда муҳим асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Мазкур ҳужжат асосидаги Темурийлар даври тарихини тизимли ўрганиш ва илмий натижаларни кенг тарғиб этиш бўйича 2030 йилгача мўлжалланган «Йўл харитаси»да ҳам муҳим вазифалар белгиланган.
Хусусан, «Амир Темур ва темурийлар тарихи жадидлар илмий меросида» асарини яратиш, унда Абдурауф Фитратнинг Амир Темур ҳақидаги шеърларини таҳлил қилиш, жадидларнинг Амир Темур ва темурийлар тарихига оид мақолаларини аниқлаш ҳамда ўрганиш устувор йўналишлардан бири сифатида қайд этилган. Хўш, бу йўналишда олимларимиз томонидан қандай илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда? Жумладан, Абдурауф Фитрат ижодида Соҳибқирон Амир Темур образи қандай ўрин тутади? Тараққийпарвар адибнинг «Юрт қайғуси» туркумидаги асарларида бу тарихий шахснинг давлатчилик мероси қай тарзда талқин этилган?
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институти директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари, тарих фанлари доктори Дилноза Жамолова бу борадаги илмий изланишлар юзасидан ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди.
— Абдурауф Фитрат ижодида Амир Темур ўзига хос ўрин тутади. Шу ҳақда фикрингизни билмоқчи эдик.
— Фитратнинг 1917 йилда «Ҳуррият» газетасида эълон қилинган «Юрт қайғуси» туркуми Россия империясида сиёсий ўзгаришлар юз берган, жадидлар ўртасида миллий давлатчиликни тиклаш масалалари қизғин муҳокама қилинаётган бир шароитда яратилган. Фитратнинг айнан Амир Темур шахсига мурожаат қилиши, албатта, бежиз эмас. Унинг учун Амир Темур, аввало, давлатчилик қудрати, мустақил сиёсий ирода ва миллий масъулият тимсоли эди.
XIV асрнинг иккинчи ярмида Мовароуннаҳрда ҳукм сурган сиёсий тарқоқлик ва ўзаро курашлар шароитида Амир Темур марказлашган давлат барпо этиб, Самарқандни улкан салтанатнинг сиёсий марказига айлантирди. Унинг ҳукмронлиги даврида давлат бошқаруви, ҳарбий ташкилотчилик, ташқи сиёсат ва дипломатик муносабатлар янги босқичга кўтарилди. Туроннинг халқаро сиёсий мавқеи мустаҳкамланиб, савдо-сотиқ, ҳунармандчилик, меъморчилик ва шаҳарсозлик ривожи учун кенг имкониятлар яратилди. Темур даврида шаклланган сиёсий ва маданий муҳит кейинчалик Шоҳрух, Мирзо Улуғбек ва бошқа темурийлар фаолиятида ҳам давом эттирилди.

Фитратнинг «Эй, улуғ Турон, арслонлар ўлкаси!» деб бошланувчи сочмасида Амир Темур Чингизхон, Ўғуз ва Отилла билан бир қаторда тилга олинади. Фитрат учун уларнинг муштарак жиҳати йирик давлатлар тузгани ва ўз даврининг сиёсий жараёнларига катта таъсир кўрсатганидир.
Сочмада Туроннинг ўтмишдаги юксак мавқеи билан мустамлака шароитидаги аянчли аҳволи ўзаро қиёсланади. «Қани у чиқдиғинг юксак ўринлар? Қуллик чуқурлариға недан тушдинг?!» деган савол орқали муаллиф тарихий давлатчиликнинг бой берилишини асосий муаммо сифатида кўтаради. Фитрат мазкур таназзулни, аввало, сиёсий бирликнинг заифлашуви билан боғлайди. Унинг «Эски давлатинг, эски салтанатинг, эски йигитларинг, эски арслонларинг ҳаммаси бор» деган фикри эса замондошларига ўтмишдаги қудратни юзага келтирган салоҳият ҳали бутунлай йўқолмаганини эслатишга қаратилган.
«Юрт қайғуси» туркумидаги «Бир ўзбек тилидан» сочмасида Фитрат мустамлака шароитидаги Туркистон аҳволини тасвирлаш билан бирга, унинг бундай ҳолатга тушиб қолишида жамиятнинг масъулияти масаласини ҳам кўтаради. Ватанни оғир аҳволга тушган она сиймосида гавдалантириб, «Болаларинг сени шу ҳолдами қўйдилар?» деган саволни ўртага ташлайди. Бу эса муаллифнинг танқидий қарашларини яққол намоён этади.
— Фитратнинг Амир Темурга оид асарларидаги қарашларини қандай баҳолаган бўлар эдингиз?
— Фитрат сиёсий қарамликни фақат ташқи босқинчилик оқибати сифатида изоҳламайди. У илм-маърифатдан узоқлашиш, ички келишмовчиликлар ва жамиятнинг ўз манфаатларини ҳимоя қилишда сусткашлик кўрсатишини ҳам таназзулнинг муҳим омиллари сифатида баҳолайди.
Амир Темур давлатчилигига муносабат «Юрт қайғуси (Темур олдинда)» сочмасида янада ёрқин намоён бўлади. «Ҳуррият» газетасида эълон қилинган ушбу асарда Фитрат Амир Темур мақбараси олдида турган шахс номидан сўз юритади. Муаллиф ўзини мустақил давлатчилик меросига эга бўлган, аммо уни сақлаб қола олмаган авлод вакили сифатида намоён этади. Темур давридаги сиёсий қудратни ўз замонаси билан қиёслаб, давлат мустақиллигининг йўқотилишини миллий тарихдаги энг оғир фожиалардан бири сифатида баҳолайди.
«Туркга бердикинг шараф таланди. Турк ичун қўйдиғинг давлат битди, турк отиға қурдиғинг хоқонлиқ яғмоға кетди» деган мурожаатда Амир Темурнинг тарихий хизматлари давлат барпо этиш, сиёсий ҳокимиятни мустаҳкамлаш ва халқаро нуфузга эришиш билан боғланади. Фитратнинг назарича, Темурдан кейинги авлодлар ана шу улкан мероснинг сиёсий асосларини сақлаб қолишга муваффақ бўлмаган.
Фитратнинг Амир Темурга муносабатида яна бир муҳим жиҳат бор. У буюк саркардани ўз даврида етишмаётган қатъий сиёсий ирода ва давлатчилик тафаккурининг намунаси сифатида қабул қилади. Амир Темур Мовароуннаҳрда ҳокимият учун курашлар кечаётган шароитда марказлашган бошқарувни қарор топтирган бўлса, 1917 йилда Туркистон зиёлилари миллий манфаатларни ҳимоя қилиш ва сиёсий ўзини ўзи бошқаришга эришиш вазифаси олдида турган эди. Албатта, бу икки даврнинг давлат тузуми ва сиёсий шароити бир-биридан тубдан фарқ қилади. Бироқ Фитрат улар ўртасида миллий давлатчилик ва сиёсий мустақилликка интилиш нуқтаи назаридан муайян тарихий муштаракликни кўради.
Асарнинг энг таъсирчан ўринларидан бири Фитратнинг Туркистонда юз берган таназзул учун ўзини ҳам масъул деб билишидир: «Санинг Туронингни ўзим талатдим, санинг туркингни ўзим эздирдим, санинг омонатларингга хиёнат ўзим қилдим».
Бу иқрор муаллифнинг шахсий ҳаётида содир этган муайян хатосини эмас, балки бутун авлод номидан тарихий масъулиятни зиммасига олишини ифодалайди. Фитрат ўзини Амир Темур давлатчилиги меросининг маънавий вориси деб билгани боис, унинг кейинги тақдирига ҳам бевосита дахлдорлик ҳиссини туяди. У замондошларининг бефарқлиги, тарқоқлиги ва миллий манфаатлар йўлида етарлича ҳаракат қилмаётганини ҳам кескин танқид қилади. Айниқса «Ман уч кунлик умримни тинчгина ётиб ўтказмоқчи бўлмаса эдим» мазмунидаги иқрорида шахсий осойишталикни умуммиллий манфаатлардан устун қўйиш жамиятнинг заифлашувига олиб келувчи омиллардан бири сифатида талқин этилади.
Фитрат Амир Темур давлатчилигига баҳо беришда унинг қатъиятли бошқаруви ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги фаолиятини ҳам алоҳида таъкидлайди. Сочмада Темурга мурожаат қилиб, унинг меросига хиёнат қилганларни жазолашга чақириши муаллифнинг сиёсий қарашларидаги кескинликни намоён этади.
«Темур олдинда» сочмасидаги мурожаат фақат ўтмишдаги йўқотишлардан афсусланиш билан чекланмайди. Фитрат ўзининг тарихий бурчини бажаришга қатъий аҳд қилганини билдириб, Амир Темур олдида қасам ичади: «Туроннинг эски шараф ва улуғлиғини қайтармасдан бурун аёғдан ўтурмасман».
Бу қасамда муаллифнинг асосий мақсади — мустамлака шароитида заифлашган миллий сиёсий иродани уйғотиш, давлатчилик меросига эга халқнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини таъкидлаш ва замондошларини фаол ҳаракатга ундаш ғояси — мужассам.
«Юрт қайғуси» туркумининг 1917 йил 29 декабрда «Ҳуррият» газетасида эълон қилинган шеърида ҳам ана шу ғоялар давом эттирилади. Бироқ бу сафар Фитрат тарихий хотирани насрий мурожаат ва ички монолог орқали эмас, балки ихчам шеърий шаклда ифодалайди. Шеърнинг дастлабки мисраларида Ватан она тимсолида гавдалантирилиб, унинг озодлиги йўлида шахсий ҳаёт, номус, виждон ва имонни фидо қилишга тайёрлик туйғуси ифода этилади: «Онам! Сени қутқармоқ учун жонми керакдир? Номусми, виждон била имонми керакдир? Темур била Чингиз қони тошди томримиздан, Айтгил! Сени қутқармоқ учун қонми керакдир?»
Фитрат бу ўринда Амир Темур номини келтириш орқали замондошларини аждодларининг тарихий салоҳияти ва сиёсий қудратига муносиб бўлишга ундайди. Қон тимсоли эса авлодлар ўртасидаги тарихий боғлиқлик, фидойилик ва миллий шараф ғояларини ифодалашга хизмат қилади.
Шундай қилиб, Фитратнинг «Юрт қайғуси» туркуми жадидлар илмий-адабий меросида Амир Темур ва темурийлар даври тарихий хотираси миллий ўзликни англаш, сиёсий мустақилликка интилиш ва жамиятнинг тарихий масъулиятини белгилаш воситасига айланганини кўрсатади. Муаллиф Амир Темур образи орқали ўтмишдаги буюк давлатчилик анъаналарини эслатиш билан бирга, замондошларини миллий бирлик, маърифат ва озодлик йўлида фаол ҳаракат қилишга даъват этади.
Бинобарин, Фитрат ижодида Амир Темур фақат тарихий қаҳрамон эмас, балки миллий ғурур, мустақил давлатчилик тафаккури ва тарихий масъулиятнинг рамзи сифатида намоён бўлади.
— Суҳбат учун ташаккур!
ЎзА мухбири Назокат Усмонова ёзиб олди.