Ер юзининг сайқали байрами
Қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрида "Самарқанд шаҳар куни" муносабати билан байрам тадбирлари ўтказилди.
Бундан 30 йил аввал – 1996 йил 18 октябрь куни Самарқанд шаҳрида буюк жаҳонгир Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги муносабати билан соҳибқирон ҳайкали ўрнатилган ва бу сана “Самарқанд шаҳри куни” деб белгиланган эди. Ўша куни қадимий ва ҳамиша навқирон шаҳарга биринчи рақамли “Амир Темур” ордени берилганди. Шундан буён самарқандликлар бу санани кенг нишонлаб келмоқда.
Анъанага мувофиқ, дастлаб Самарқанд вилояти ҳокими А.Бобоев бошчилигида вилоят ва шаҳар ҳокимликлари, кенг жамоатчилик вакиллари Амир Темур мақбарасини зиёрат қилди. Қуръон тиловат қилинди. Сўнгра буюк жаҳонгир ҳайкали пойига гуллар қўйилди.
– Уч минг йиллик тарихга эга шаҳримизда байрамлар, муҳим саналар кўп бўлса-да, 18 октябрь алоҳида аҳамиятга эга кун ҳисобланади, – дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси Самарқанд вилояти кенгаши раиси, Самарқанд шаҳрининг собиқ ҳокими Суҳроб Рафиқов. – Бу кун Самарқанднинг ўтмиши ва бугунига назар ташланиб, келажаги ҳақида ўйланади, уни янада обод қилиш, тараққий эттириш бўйича мақсад ва режалар белгиланади. Шу сабабли ҳар йили шаҳар байрамига алоҳида тайёргарлик кўрилади. Бу йилги сана шаҳар ҳудуди кенгайиб, янги аҳоли масканлари қўшилиб бораётган шароитда нишонланмоқда. Қолаверса, эртадан Самарқандда яна бир қатор халқаро сиёсий мулоқотлар, форум ва анжуманлар бошланмоқда. Бу тадбирлар Самарқанднинг ер юзининг сайқали сифатидаги нуфузи ва аҳамиятини янада оширади.
[gallery-32014]
Шаҳар куни муносабати билан Самарқандда бир қатор янги объектлар фойдаланишга топширилмоқда. Бугун ва эртага шаҳардаги маданият ва истироҳат боғлари, хиёбонларда маданий дастурлар, концерт томошалари намойиш этилади.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари