Белгиланган тартибга кўра, "Темир дафтар" ижтимоий аҳволи ва турмуш шароити оғир ҳамда сектор раҳбарлари томонидан алоҳида назоратга олинган оилаларни қайд этиш, муаммоларини аниқлаш, бартараф этиш ва назоратини олиб бориш бўйича маълумотлар базаси ҳисобланади.
Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгаши томонидан тасдиқланган рўйхатлар асосида "Темир дафтар"га киритилган оилаларга «Саховат ва кўмак» жамғармаси маблағлари ҳисобидан бир марталик моддий ёрдам берилиши мумкин.
Шунингдек, “Темир дафтар”га киритилган оилалар фарзандларига биринчи ўқув йили учун контракти тўлаб берилади. "Темир дафтар"га икки ва ундан ортиқ масалаларини ҳал этиш учун киритилган оилаларнинг барча масалалари тўлиқ ҳал этилиши дафтардан чиқариш учун асос бўлади. Доимий ва вақтинча яшаш учун республиканинг бошқа ҳудудига кўчиб ўтганда, доимий яшаш ва вақтинча турар жойи бўйича рўйхатга олинган кундан бошлаб 15 кундан кечиктирмасдан "Темир дафтар"га тегишли ўзгартиришлар киритилади.
Хўш, “Темир дафтар”га киритилган оилаларга қандай тартибда тиббий хизмат кўрсатилади?
Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Саодат Боймирзаеванинг қайд этишича, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга тиббий хизмат кўрсатишда тиббий ёрдамга муҳтож оилалар бошқарув офиси томонидан тегишли тиббиёт ходимини жалб қилинган ҳолда ўрганиб чиқилади.
Ўрганиш натижаси бўйича касаллиги аниқланган ва тиббий ёрдамга муҳтож оила аъзолари тиббий кўрикдан ўтиш учун туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаси кўп тармоқли марказий поликлиникасига юборилади. Тиббий кўрик натижаси юзасидан кўрсатма бўйича оила аъзолари туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмасида стационар ёки амбулатория шароитда даволанади.
Шунингдек, ногиронлик белгилари аниқ намоён бўлган беморлар белгиланган тартибда кўрикдан ўтиш учун Тиббий-меҳнат эксперт комиссияларига юборилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА