“Темир дафтар”даги оилалар электрон дастурга киритилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 28 апрелдаги тегишли қарорига мувофиқ Тошкент вилоятида “Темир дафтар”ни юритиш орқали ижтимоий аҳволи ва турмуш шароити оғир оилалар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича “Вақтинчалик тартиби” ишлаб чиқилган.
Қисқа муддатда ушбу тизим орқали вилоят бўйича 50 минг 631 та ёрдамга муҳтож оилалар ва улардаги 210 минг 604 нафар аҳоли ҳақидаги маълумотлар “saxovat.argos.uz” электрон дастурига киритилди. Олиб борилган манзилли ишлар натижасида туман ва шаҳар халқ депутатлари кенгаши қарорлари асосида жами 46 минг 103 та оила “Темир дафтар” рўйхатидан чиқарилган. Ҳозирда 4 минг 528 та оила эҳтиёжманд оила рўйхатидан жой олган.
“Темир дафтар”даги оилаларнинг 53 минг 51 нафари меҳнатга лаёқатли ишсиз оила аъзолари ўзи ишлашни истаган фаолият турлари бўйича аниқлаб олинди ҳамда бандлиги таъминланди. Ўз навбатида “Темир дафтар” рўйхатидан чиқариш имкони бўлган 1 минг 905 та оила вакилларини тадбиркорликка ўқитган ҳолда имтиёзли кредитлар ажратиш ҳисобига 299 та, қишлоқ хўжалигида 0,1-1,0 гектар ер майдони ажратиш ҳисобига 431 та, ҳудудий дастурлар доирасида амалга ошириладиган лойиҳалардаги яратиладиган янги иш ўринларига жойлаштириш ҳисобига 447 та, субсидия ажратиш орқали 425 та, ўзини-ўзи банд қилиш орқали 303 нафар фуқаро “Темир дафтар”дан чиқарилади.
А.Мусаев, ЎзА