“Темир дафтар”га кирганлар бепул тиббий кўрикдан ўтади
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Носирбек Абдуллахонов ва Тошкент шаҳар 15-сонли шифохона бош врачи, тиббиёт фанлари доктори, Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси аъзоси Хуршид Фозилов Наманган вилоятида бўлиб турибди.
Айни пайтда аҳолининг кам таъминланган қатламлари саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида вилоятдаги туман ва қишлоқларда ўрганишлар олиб бораётган республика тиббиёт муассасаларининг етакчи шифокор-мутахассислари Наманган шаҳридаги “ANAMED” тиббий диагностика марказида бўлиб, бу ерда беморлар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишди.

Қайд этиш жоиз, жаҳоннинг ривожланган давлатларидан келтирилган сўнгги русумдаги тиббий аппарат ва жиҳозлар билан таъминланган замонавий шифо марказида кўплаб касалликлар бўйича аниқ ташхис қўйиш ва малакали врачлардан тиббий маслаҳатлар олиш имкони мавжуд. Президентимизнинг 2019 йилнинг март ойида Наманган вилоятига ташрифи чоғида берган тавсиялари асосида тиббий марказда урология, нейрохирургия соҳасидаги мураккаб жарроҳлик амалиётлари, замонавий кардиологик ташхислар, МРТ ва замонавий рентген жараёнлари малакали мутахассислар томонидан амалга оширилади.
Тиббий марказ раҳбарияти билан мулоқот натижасида Наманган туманида аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш борасида Ишчи гуруҳ томонидан “Темир дафтар” рўйхатига киритилган эҳтиёжманд оилалар аъзолари бепул ташхис кўригидан ўтказилиши белгилаб олинди.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА