2021 йил 17 апрель куни Тошкент давлат шарқшунослик университетида япон тили бўйича 29-республика нотиқлик кўрик-танлови бўлиб ўтди.
Тадбир Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонаси, Ўзбекистондаги япон тили ўқитувчилари жамияти, Тошкент давлат шарқшунослик университети томонидан Халқаро Япония фонди, Ўзбек-Япон маркази (UJC), Нагоя университетининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси кўмагида ташкил этилди.
Танловда Тошкент давлат шарқшунослик университети, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Тошкент давлат юридик университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Самарқанд давлат чет тиллари институти, Қорқалпоқ давлат университети талабалари ҳамда ТДШУ қошидаги академик лицей, Ўзбек-Япон маркази (UJC), Норико ўқув маркази таҳсил олувчилари иштирок этди.
Япон тили бўйича 29-республика нотиқлик кўрик-танловининг раиси сифатида иштирок этган Япониянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ёшинори Фужияма кириш сўзида: “Мен Ўзбекистонда жуда кўп талабалар япон тилини ўрганаётганидан бениҳоя мамнунман. Бугун танлов иштирокчилари ўзларининг кундалик машғулотлари натижаларини тўлиқ намойиш этишига ишонаман. Бундай танловларда иштирок этиш, шубҳасиз, сиз японшунос ёшлар учун катта тажриба бўлади”, - деб таъкидлади.
Тошкент давлат шарқшунослик университети ректори Гулчеҳра Рихсиева тадбир моҳияти, 29 йил ичида ушбу танлов юқори савияга кўтарилгани, бу ўз навбатида мамлакатларимиз ўртасида ўрнатилган дўстлик ва стратегик шерикликка ҳамоҳанг эканини қайд этди.
Танлов иштирокчилари сони йилдан-йилга ортиб, улар ўз фикрини япон тилида нотиқ сифатида кенг жамоа олдида эркин ифода этиши, мавзулар кўлами ва фикрни ифода этиш усуллари ўзига хослиги япониялик ҳакамлари томонидан эътироф этилди.
Кўрик-танловда ТДШУ японшунослик факультети 1-босқич талабаси Асадбек Жамолиддинов ғалаба қозониб, япон тили бўйича Марказий Осиё танловига йўлланмани қўлга киритди.
Тадбир совриндорлари ва иштирокчилари эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Элёр Маҳмудов,
ТДШУ халқаро ҳамкорлик бўйича проректори