Тошкент давлат шарқшунослик университетида Покистон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Сайид Али Асад Ғилоний билан учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот чоғи университет ва Покистон олий таълим муассасалари ўртасида урдушуносликни янада ривожлантиришга қаратилган таълим, илмий ҳамда маданий соҳалардаги ҳамкорликка оид масалалар, аниқ таклифлар муҳокама этилди. Шу билан бирга, учрашув давомида университет ректори Гулчеҳра Рихсиева мартабали меҳмонга мазкур олий ўқув юрти фаолияти, хусусан урдушунослик йўналишида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
Сайид Али Асад Ғилоний тегишли йўналишлардаги ҳамкорлик бўйича ҳар томонлама амалий ёрдам берилишини ва бу борада элчихона аниқ чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқишини таъкидлади. Элчи жаноблари яқинда ТДШУ мутахассислари учун “Покистон ташқи сиёсати” мавзусида туркум маърузалар ташкил этиш таклифини қўллаб-қувватлади.
- Университетимизда мазкур ўқув йилидан Ўзбекистон Республикасида аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналар вакилларини ўқув жараёнига жалб этиш йўлга қўйилди, - деди халқаро ҳамкорлик бўйича проректор Элёр Маҳмудов.
- Жумладан, Жанубий Корея, Туркия ва Миср Араб Республикаси дипломатлари белгиланган мавзулар асосида тизимли равишда маъруза ўқишяпти. Покистонлик ҳамкорларимизни ҳам ўқув жараёнига жалб этилиши нафақат ушбу давлат ташқи сиёсати, балки бугун мамлакатларимиз ўртасида йўлга қўйилган иқтисодий, сиёсий ва бошқа соҳалардаги шериклик кўлами тўғрисида талабаларга батафсил маълумот бериш имконини яратади.
Тадбир сўнгида Сайид Али Асад Ғилоний 2009 йил ТДШУда Покистон элчихонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган “Покистон маркази” билан танишди. Бу ерда мутахассислар, урдушунос талабалар билан суҳбатлашиб, уларнинг ўқув ва илмий фаолиятидан хабардор бўлди.
ЎзА