“Ташаббусли бюджет” лойиҳалари вақтида амалга ошириляпти(ми?)
Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси вакиллари томонидан Тошкент вилоятида 2024-2025 йилларда ўтказилган “Ташаббусли бюджет” жараёнлари доирасида ғолиб бўлган лойиҳаларнинг амалга оширилиши ҳолати ўрганилди.
Дастлабки ўрганиш ишлари Олмалиқ шаҳрида ўтказилди. Хусусан, “Намуна” МФЙ ҳудудидаги ички кўчаларни “Ташаббусли бюджет” доирасида 2024 йилнинг кузида асфальтлаш белгиланган эди. Жумладан, ўша пайт жами 3 минг 120 метр ички йўлларни, Гулистон кўчасининг 230 метр қисмини таъмирлаш режалаштирилган.

Ушбу лойиҳа юзасидан аҳоли мурожаатлари жойига чиқиб ўрганилганида аниқландики, Гулистон кўчасининг айнан шу қисмида йўл таъмирлаш ишлари вақтинча тўхтатилган. Белгиланган ишлар маҳалланинг бошқа ички кўчаларида давом эттирилган ва тўлиқ якунланган.

Айни пайтда мазкур ҳудудда оқова сув тизими билан боғлиқ қурилиш ишлари ҳам тугамаган, шу сабабли пудратчи ташкилот томонидан ушбу ҳудудда асфальт қопламасини ётқизиш ишлари амалга оширилмаган. Қурилиш ва таъмирлаш ишлари тўлиқ якунланганидан сўнг белгиланган тартибда ушбу кўча қисмига асфальт қопламасини ётқизиш бўйича туман масъулларига тегишли топшириқлар берилди.


Шунингдек, ҳудудда олиб борилаётган ўрганишлар давомида маҳалладан оқиб ўтувчи ариқдан оқова сув оқиши ва у ҳудудда бадбўй ҳид таратиб, аҳолига ноқулайлик келтираётгани маълум бўлди. Оқова сув тармоғидаги носозликни бартараф этиш юзасидан туман мутасаддиларига тегишли кўрсатма берилди. Мазкур муаммони ҳал қилиш бўйича амалий ишлар бошлаб юборилди.
Вилоятда ўрганиш ишлари давом этмоқда.
А.Мусаев, ЎзА