Ташаббусли бюджет: маблағлардан мақсадли фойдаланиш давр талаби
Шу кунларда Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси томонидан Тошкент вилоятида “Ташаббусли бюджет” жараёнларида ғолиб деб топилган лойиҳаларнинг ўз вақтида амалга оширилиши ҳолати юзасидан ўрганиш олиб борилган эди.
Мазкур жараёнлар якунлари бўйича ҳолатлар Тошкент вилояти Халқ депутатлари вилоят Кенгаши билан биргаликда сайёр қўшма мажлисида муҳокама қилинди. Унда онлайн халқнинг овозига кўра вилоятда ғолиб деб топилган лойиҳаларнинг ўз вақтида амалга оширилиши ҳолатини ўрганиш натижалари юзасидан ҳудуд раҳбарлари ҳамда масъул вазирлик ва идораларнинг ахборотлари эшитилди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар жараёнида жамоатчилик иштирокини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 2024-2025 йилларда ўтказилган “Ташаббусли бюджет” жараёнларида Тошкент вилоятида фуқаролар фаол иштирок этиб, улар томонидан 9 мингга яқин лойиҳалар илгари сурилган.
Натижада 2024 йилда 574 миллиард сўмлик ҳамда 2025 йилда 594 миллиард сўмлик жамоат манфаатларига хизмат қилувчи жами 983 та лойиҳа ғолиб деб топилди. Кўплаб ҳудудларда бир қатор ижтимоий лойиҳалар амалга оширилди, жумладан, ички йўллар, соғлиқни сақлаш муассасалари ва умумтаълим мактаблари таъмирланди ҳамда жиҳозланди, мактабгача таълим ташкилотлари ҳолати яхшиланди.

Бироқ Бекобод, Янгийўл, Нурафшон ва Чирчиқ шаҳарларида 2025 йилда ғолиб деб топилган ўнлаб лойиҳалар доирасида қурилиш-таъмирлаш ишлари ҳамон давом этмоқда. Туман (шаҳар) бюджетларининг қўшимча манбалари жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга тўлиқ йўналтирилмаган ҳолатлар ҳам аниқланди. Хусусан, Оҳангарон шаҳрида молиялаштириш даражаси 55 фоизни, Бўка ва Паркент туманларида 65 фоизни ташкил этади.
Мажлисда “Очиқ бюджет” ахборот порталининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, маблағлардан мақсадли фойдаланишни назорат қилиш каби масалаларга ҳамда олис ва чекка ҳудудларда овоз бериш тизимидаги камчиликларга алоҳида эътибор қаратилди.

Шу билан бирга, Ангрен, Оҳангарон, Чирчиқ, Янгийўл ва Нурафшон шаҳарлари, Зангиота, Қибрай, Пискент, Чиноз туманлари “Сариқ ҳудуд” деб топилгани танқид қилинди. Бу каби ҳолатларнинг келгусида олдини олиш юзасидан масъуллар зиммасига тегишли вазифалар юклатилди.

Мажлис сўнггида Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.
А.Мусаев, ЎзА