Мамлакатимизда амалга ошириб келинаётган “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси бугун жойлардаги муаммоларни ҳал этиш, аҳолини ўйлантираётган масалаларга ечим топишда муҳим ижтимоий лойиҳага айланди. Ушбу жараёнлар учун давлат бюджетидан ажратилаётган маблағлар ҳажми ҳам йилдан-йилга кўпайиб бормоқда.
Эндиликда Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 29 августда қабул қилинган “Ташаббусли бюджет жараёнларини такомиллаштириш доирасида халқ вакиллари ва сайловчилар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, “Ташаббусли бюджет” учун ажратиладиган маблағлар кўлами янада ортади ва бу жараёнда Қонунчилик палатаси депутатларининг иштироки ва ташаббускорлиги кенгаяди.
Ушбу қарорда кўзда тутилган тартиблар хусусида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари — Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси ўринбосари Бахтиёр Артиқов ҳамда депутат Шаҳнозахон Холмаҳаматова билан суҳбатлашдик.
— Аввало, мазкур қарорда кўзда тутилаётган тартиблар, уларни амалга ошириш механизмлари ҳақида батафсил маълумот берсангиз.
Шаҳноза Холмаҳаматова:
— “Ташаббусли бюджет” қисқа муддатда халқимизни бирлаштирадиган катта бир ижтимоий лойиҳага айланди. Аҳолининг бу жараёндаги иштироки, молиявий саводхонлиги, ташаббускорлиги ошмоқда. Мазкур қарор билан давлат бюджетининг сарфланишида депутатнинг иштирокини кенгайтиришга, сайловчи ва депутат ҳамкорлигини янада оширишга, лойиҳаларнинг амалга оширилишида парламент назоратини кучайтиришга хизмат қиладиган механизмлар жорий қилинмоқда.
Яъни, 2026 йил 1 январдан бошлаб Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳар йили “Ташаббусли бюджет” жараёнлари доирасида ўз сайлов округларида ғолиб бўлмаган лойиҳалар орасидан иккита лойиҳани танлаб, ғолиб деб топади. Очиқликни таъминлаш мақсадида “Очиқ бюджет” ахборот порталида депутатлар танлови учун алоҳида бўлим очилади ва депутатнинг танловни амалга ошириши аҳолига кўриниб туради.
Лойиҳани танлашда депутат аҳоли билан маслаҳатлашади. Қайси лойиҳа ижтимоий аҳамияти жиҳатдан энг долзарб, ҳудуд равнақи учун муҳим бўлса, ўшани танлайди. Ҳар мавсумда биттадан лойиҳа танлаб олинади. Ҳар йили амалдаги тартиб бўйича БҲМнинг 8 минг баравари миқдорида давлат бюджетидан маблағ ажратилади. Бу бир мавсумда 4000 бараварни ташкил этади. Яъни, ҳар йили 3,3 млрд. сўм, бир мавсумда эса 1,6 млрд. сўм маблағ депутатнинг танлови билан амалга ошириладиган лойиҳани молиялаштиришга йўналтирилади.
Бу депутатлар учун жуда катта ваколат, шу билан бирга, масъулият ҳамдир. Чунки ҳар бир лойиҳани танлаш учун унинг ичига, моҳиятига чуқур кириб бориши, сайловчилар билан бамаслаҳат иш тутиши керак бўлади.
Бахтиёр Артиқов:
— Лойиҳани танлаб олишда асосан 2 та тамойилга эътибор қаратилади — аввало, ҳудуднинг тараққиётига ва аҳолининг фаровонлигига хизмат қиладиган лойиҳа бўлиши керак. Бир йилда 150 та депутат томонидан танланадиган лойиҳалар учун 494 миллиард маблағ ажратилади. Бунда, албатта, депутатдан катта масъулият талаб этилади.
Яна бир жиҳат, одатда “Ташаббусли бюджет”лойиҳаларининг маблағлари ҳудудларга, яъни маҳаллий бюджетларга берилади. Депутат ташаббуси асосида танланадиган лойиҳалар эса республика бюджетидан тўғридан-тўғри лойиҳани молиялаштиришга йўналтирилади.
1 ноябрга қадар мазкур Президент қарорида кўзда тутилган вазифаларни амалга ошириш бўйича механизмларни ишлаб чиқиш кўзда тутилган. Унда барча тамойиллар, мезонлар ишлаб чиқилади.
Шу ўринда айтиш керакки, айрим юртдошларимиз орасида “энди “Ташаббусли бюджет” маблағлари камаядими, депутат жамғармасига ўтадими”, деган нотўғри тушунча ва саволлар ҳам пайдо бўляпти. Йўқ, аксинча, “Ташаббусли бюджет” маблағлари янада кўпаяди. Яъни, депутат ташаббусига кўра танланадиган лойиҳалар учун давлат бюджетидан яна қўшимча маблағ ажратилади.
— Ҳақиқатан ҳам “Ташаббусли бюджет” маблағлари йилдан-йилга ошиб боряпти. Масалан, жорий йил 2-мавсумда 3,3 триллион сўм маблағ ажратилган ва қарийб 2,5 мингга яқин лойиҳалар молиялаштирилган.
Яна бир савол туғилади — депутат ташаббуси асосида танланадиган, ғолиб бўлмаган лойиҳаларнинг тўплаган овозлари сони, нечанчи ўринда турганлиги ҳам инобатга олинадими?
Бахтиёр Артиқов:
— Йўқ, нечанчи ўринда турганининг аҳамияти йўқ. 1 ноябрга қадар ишлаб чиқиладиган мезонлар ичида мана шу масалалар ҳам кўзда тутилади. Лойиҳанинг ижтимоий аҳамиятига эътибор қаратилади. Бунда депутатга катта ишонч билдириляпти. Албатта, депутат лойиҳаларнинг қай даражада муҳимлигига жиддий эътибор қаратади.
— Ҳар сафар “Ташаббусли бюджет” мавсуми бошланганидан аҳоли гавжум жойларида турли чақириқларга дуч келамиз. Овоз тўплаш мақсадида турли моддий қийматликдаги воситаларни ёки пул маблағларини таклиф этиш бошланади. Эндиликда мана шу каби ҳолатлар бартараф бўлади, назаримда. Яъни, қарорга кўра, лойиҳаларни аҳоли ва давлат ўртасида шериклик асосида молиялаштириш тартиби жорий этилмоқда.
Бахтиёр Артиқов:
— Ҳақиқатан ҳам агар аҳоли томонидан лойиҳалар қийматининг 50 фоизи ихтиёрий равишда тўпланадиган бўлса, лойиҳалар автоматик равишда ғолиб деб топилади ва қолган 50 фоизи республика бюджетидан молиялаштириб берилади. Хорижий амалиётда ҳам бундай тажриба мавжуд. Масалан, Италия, Испания давлатларида 50 фоиз маблағни аҳоли тўпласа, 50 фоизини давлат тўлаб беради.
Энди мамлакатимизда ҳам овоз сотиб олиш учун сарфланадиган маблағ лойиҳанинг ўзига сарфланади. Бунда аҳолининг назорати ҳам ошади.
Шаҳноза Холмаҳаматова:
— Айни жараёнларда ижтимоий тармоқларда аҳоли ва давлат шерикчилигини нотўғри талқин қилиб, энди “Ташаббусли бюджет” лойиҳалари аҳоли маблағлари ҳисобидан молиялаштириладими, деган муҳокамалар ҳам бўляпти. Йўқ, бундай эмас. Ҳозирги амалиётда ҳам лойиҳаларнинг ғолиб бўлиши учун аҳоли вакиллари у ё ки бу кўринишда маблағ сарфлаяпти. Энди аҳолининг шу маблағлари мақсадли сарфланади. Яъни, лойиҳанинг ўзига йўналтирилади.
Бундан ташқари, 2 та мавсумда кетма-кет ғолиб бўлган маҳаллаларга танаффус берилади. Лекин мазкур қарорга кўра, лойиҳанинг 50 фоизи аҳоли томонидан молиялаштириладиган бўлса, ҳар мавсумда чекланмаган ҳолда лойиҳалар молиялаштириб берилаверади.
Суҳбатнинг батафсил варианти қуйидаги видеоҳаволада тақдим этилган.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/pDTr2NZiiiA?si=W7Wrx67rNuaaXaPf" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳтарама Комилова, Нишон Абдувоитов, Искандар Исматов (видео), ЎзА