Таълим кластери – рақобатбардошликнинг янги омили
Жаҳон иқтисодиёти жадал ўзгариши, технология тараққиёти ва меҳнат бозорига янги талаб олий таълим олдига ҳам муҳим вазифа қўймоқда: замонавий билимга эга, амалий кўникмани пухта эгаллаган ва инновацион фикрлайдиган мутахассислар тайёрлаш. Яъни, университетлар фаолияти фақат таълим бериш билан чекланмай, илмий изланиш, ишлаб чиқариш ва иқтисодиёт билан узвий боғлашни тақозо этмоқда.
Энди университетлар билим бериш баробарида янги ғоя ва технология яратиладиган, илмий ишланма амалиётга татбиқ этиладиган, инсон капитали ривожига хизмат қиладиган муҳим марказга айланиши лозим. Шу маънода таълим кластерини ривожлантириш олий таълим тизимини замон талабига мослаштиришнинг истиқболли йўналишидир.
Таълим кластери олий ўқув юртлари, илмий-тадқиқот ташкилотлари, корхона ва компаниялар ҳамда давлат идоралари ўртасидаги мақсадли ҳамкорлик тизими сифатида мавжуд илмий, моддий ва интеллектуал ресурсларни бирлаштириб, билим алмашинувини кучайтиради, тадқиқот натижасини амалиётга жорий этиб, таълимни иқтисодиёт эҳтиёжига яқинлаштиради.
Бундай ёндашувга эҳтиёж, аввало, таълим ва меҳнат бозори ўртасидаги номутаносиблик билан боғлиқ. Айрим соҳаларда мутахассисларга талаб ортаётган бир пайт, битирувчининг назарий билими билан иш берувчи кутаётган амалий кўникма ўртасида тафовут сақланиб қолмоқда. Таълим кластери айни узилишни бартараф этиш, ўқув жараёнини асл иқтисодий жараён билан боғлаш имконини беради.
Бундай моделда университет таълим ва илмий салоҳиятни бирлаштирса, илмий-тадқиқот ташкилоти янги билим ва технология яратади. Бизнес ва ишлаб чиқариш субъекти назарияни амалиётга татбиқ этиш, инновацион ишланмани тижоратлаштириш ҳамда мутахассисга нисбатан эҳтиёжни аниқлашда иштирок этади. Давлат эса ҳамкорлик учун зарур ҳуқуқий ва ташкилий шароит яратади.
Шу тариқа университет – илм-фан – бизнес – давлат ҳамкорлиги таълим, тадқиқот ва ишлаб чиқариш ўртасида узлуксиз алоқани шакллантиради. Натижада олий таълим даргоҳининг илмий салоҳияти мустаҳкамланиб, жамият ва иқтисодиётдаги аҳамияти ошади.
Халқаро рейтинг ва кластер ҳамкорлиги
Бугун олий таълим муассасаларининг халқаро нуфузи ва рақобатбардошлиги кўп жиҳатдан глобал таълим майдонидаги ўрни билан баҳоланмоқда. “QS World University Rankings” ва “Times Higher Education World University Rankings” каби нуфузли рейтингларда илмий фаолият, академик обрў, халқаро ҳамкорлик, илмий нашр таъсирчанлиги, хорижий талаба ва профессор-ўқитувчилар улуши, иш берувчи билан алоқа муҳим ўрин тутади.
Мазкур кўрсаткичларни алоҳида тадбир ёки фақат рейтинг талабига мослаштирилган чора билан барқарор яхшилаб бўлмайди. Бунинг учун университетда мустаҳкам илмий мактаб, самарали академик муҳит, халқаро тадқиқот тажрибаси ва ишлаб чиқариш билан амалий ҳамкорлик шаклланган бўлиши зарур.
Таълим кластери айнан шу жараённи ўзаро боғлашга хизмат қилади. Илмий муассаса билан ҳамкорлик қўшма тадқиқот ва илмий нашр фаолияти кўламини кенгайтирса, хорижий университет билан алоқа халқаро академик интеграцияни кучайтиради. Бизнес субъекти билан йўлга қўйилган ҳамкорлик эса талабани амалий лойиҳага жалб этиш, илмий ишланмани синовдан ўтказиш ва жорий қилиш имконини беради.
Натижада таълим сифати, тадқиқот самарадорлиги ва битирувчининг меҳнат бозоридаги рақобатбардошлиги ошади. Бу кўрсаткичлар университетнинг халқаро рейтингдаги мавқеига ижобий таъсир кўрсатади. Демак, таълим кластери рейтингда юқори ўринни кафолатлайдиган восита эмас, балки таъминлаш учун зарур академик ва илмий муҳитни шакллантирувчи тизимли механизмдир.
Ўзбекистон учун янги имкониятлар
Мамлакатимизда олий таълимни халқаро стандарт асосида ривожлантириш, университетларнинг илмий салоҳиятини ошириш ва глобал рейтингдаги ўрнини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, камида 10 таълим муассасасини халқаро рейтинглар ТОП-1000 рўйхатига киритиш вазифаси белгиланган.
2026 йил тизимда илгари сурилган 5Т тамойили – таълим, тарбия, тадқиқот, тижоратлаштириш ва тизимли такомиллаштириш ҳам айни йўналишга нисбатан муҳим ёндашувдир. Шунингдек, “U10 – Ўзбекистоннинг глобал илғор университетлари” дастурини амалга ошириш, илмий кластерни ривожлантириш ва олий таълим муассасаларининг халқаро рейтингдаги натижасини яхшилашга қаратилган вазифалар ҳам белгиланган. Мақсадга эришиш университетлар илмий фаолиятини қўллаб-қувватлаш, профессор-ўқитувчилар учун тадқиқот имкониятини кенгайтириш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва таълим жараёнини меҳнат бозори билан боғлашни талаб этади. Яъни, таълим кластери амалий натижага йўналтирилган ҳамкорлик майдони бўла олади. Масалан, иқтисодиёт йўналишидаги кластер доирасида университет, илмий марказ, банк, корхона, консалтинг компанияси ва давлат ташкилоти ҳамкорлик қилади. Бундай тизимда талаба реал иқтисодий лойиҳада иштирок этади, профессор-ўқитувчилар ишлаб чиқариш субъекти билан бирга тадқиқот олиб боради. Шу тариқа илмий натижани эса амалиётда қўллаш имкони пайдо бўлади.
Жараённинг аҳамияти университетда олинган билим ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларидаги аниқ эҳтиёж билан уйғунлашувида. Иш берувчи таълим тизимига жалб этилади, талаба диплом олгунига қадар касбий фаолиятнинг асл талаби билан танишиб боради. Умуман, таълим кластери самарасини уч асосий йўналишда кўриш мумкин.
Биринчидан таълимнинг амалий аҳамияти ортади. Назарий билим иш жараёнидаги тажриба билан бойитилиб, битирувчининг касбий тайёргарлиги мустаҳкамланади.
Иккинчидан илмий-тадқиқот фаолияти янги босқичга кўтарилади. Университет ва илмий ташкилот ҳамкорлиги қўшма лойиҳа, илмий мақола, патент ҳамда инновацион ишланма учун имкон яратади.
Учинчидан иқтисодий самарадорлик таъминланади. Илмий натижани ишлаб чиқаришга жорий этиш, стартапни қўллаб-қувватлаш ва янги технологияни тижоратлаштириш орқали илмий салоҳиятнинг амалий қиймати ошади.
Рейтинг эмас, реал салоҳият муҳим
Олий таълим ривожида муҳим мезон бўлса-да, халқаро рейтингни якуний мақсад сифатида қабул қилиш тўғри эмас. Рейтинг, аввало, университетдаги академик муҳит, илмий фаолият ва халқаро ҳамкорлик даражасини акс эттирувчи кўрсаткичга айланиши лозим. Агар олий таълим муассасасида кучли илмий мактаб шаклланса, тадқиқот сифати яхшиланса, халқаро академик алоқа кенгайса ва бизнес билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилса, ижобий ўзгариш рейтинг натижасида ҳам намоён бўлади.
Шу боис халқаро рейтинг талабини таълим кластерини ривожлантириш стратегияси билан уйғунлаштириш муҳим. Фақат асосий эътибор кўрсаткични сунъий равишда яхшилаш эмас, балки ҳақиқий илм ва таълим салоҳиятини оширишга қаратилиши керак.
Хулоса шуки, бугунги рақобатли иқтисодиётда мамлакат тараққиёти инсон капитали, илм-фан ва инновация қай даражада ўзаро боғланганига ҳам бевосита боғлиқ. Таълим кластери шу уч йўналишни бирлаштириб, университетларнинг жамият ва иқтисодиёт билан алоқасини мустаҳкамлайди. Энг муҳими, ҳамкорлик орқали олий таълим муассасаси нафақат малакали кадр тайёрлайди, балки янги билим, технология ва иқтисодий қиймат яратиш жараёнининг фаол иштирокчисига ҳам айланади. Бу эса Ўзбекистон университетларининг халқаро таълим майдонидаги рақобатбардошлигини ошириш, мамлакатимиз инновацион тараққиётини жадаллаштириш учун муҳим асос яратади.
Нилуфар Имомова,
ТДШУ Халқаро рейтинглар билан ишлаш
бўлими бошлиғи