Бизнес-омбудсман: меҳнат қонунчилиги ва гендер тенглигини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес-омбудсман) девонида БМТнинг Аёллар тузилмаси (UN Women) консультанти Алексей Ниязметов билан ишчи учрашув бўлиб ўтди.
Мамлакатимизда тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш, хусусий сектор вакилларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш билан бир қаторда, иш берувчиларнинг ижтимоий масъулиятини ошириш ҳамда муносиб меҳнат шароитларини яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу борада халқаро ташкилотлар билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш, соҳага илғор халқаро стандартлар ва тажрибаларни татбиқ этиш муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ана шундай амалий мулоқотларнинг мантиқий давоми сифатида ташкил этилган мазкур учрашув тадбиркорлик субъектлари фаолиятида меҳнат қонунчилигига риоя этилиши ҳолатини таҳлил қилиш, хусусан, иш ўринларида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш амалиётини чуқур ўрганишга бағишланди.
Жумладан, мулоқот давомида меҳнат муносабатлари, ҳомиладор аёллар ва оилавий вазифаларни бажариш билан банд шахслар учун кафолатлар юзасидан келиб тушаётган мурожаатлар, меҳнат қонунчилигига оид текширувларни мувофиқлаштириш ва Мажбурий талаблар электрон реестрида гендер тенглиги нормаларининг акс эттирилишига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, томонлар тадбиркорлар фаолиятига асоссиз аралашувларнинг олдини олган ҳолда, меҳнат қонунчилиги ижроси юзасидан ўтказиладиган текширувларни самарали мувофиқлаштириш масалаларини муҳокама қилди.
Мулоқот якунида хусусий секторда муносиб меҳнат шароитларини яратиш ва гендер тенглик стандартларини амалиётга кенг татбиқ этиш борасида ўзаро тажриба алмашиш ҳамда ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА