Ғиждувонда “Прокурор боғи” барпо этилмоқда
“Яшил макон” — бу шунчаки кўчат экиш эмас, балки табиатга муносабатни ўзгартириш, келажак авлод учун соғлом ва обод муҳит яратишга қаратилган эзгу ташаббусдир. Давлат раҳбари ташаббуси билан илгари сурилган ушбу умуммиллий лойиҳа бугун юртимизнинг ҳар бир ҳудудида кенг қулоч ёзиб, маҳалла ва қишлоқларни янада кўркам масканларга айлантириш, экологик барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Бухоро вилояти Ғиждувон туманида ҳам ушбу йўналишдаги ишлар изчил давом эттирилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари ташкил этилганининг 35 йиллиги муносабати билан “Прокуратуранинг 35 йиллигига — 35 минг туп дарахт” шиори остида экологик акция ташкил этилди.
Туман прокуратураси ташаббуси билан Мажбурий ижро бюроси туман бўлими, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, Экология ва ўрмон хўжалиги масъуллари ҳамкорлигида “Зарангари” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 10-сонли умумтаълим мактаби ҳудудида “Прокурор боғи” ни барпо этиш ишлари бошланди.
Янги боғ учун ажратилган ер майдонида дастлаб зарур агротехник тадбирлар амалга оширилди. Тупроқ маҳаллий ўғит билан бойитилиб, суғориш ва ерни текислаш ишларидан сўнг кўчат экишга киришилди. Натижада бу ерда 675 туп манзарали ва 675 туп мевали, жами 1 минг 350 туп дарахт кўчати экиш белгиланди.
Эътиборлиси, ушбу хайрли тадбир идора ва ташкилотлар вакилларигина эмас, балки маҳалла фаоллари ҳамда ёшларни ҳам бир эзгу мақсад атрофида бирлаштирди. Умумхалқ ҳашари руҳида ўтган акцияда иштирокчилар кўчат экиш орқали ҳудуд ободлигига ўз ҳиссасини қўшдилар.

Таъкидлаш жоизки, Ғиждувон туманида жорий йил кузги мавсумида дарахт ва бута кўчатлари экиш кўламини ўтган даврга нисбатан икки баробар ошириш режалаштирилган. Бунинг доирасида жами 1 миллион 984 минг туп кўчат экиш чоралари кўрилмоқда. Бу рақамлар ҳудудда кўкаламзорлаштириш ишлари бир марталик тадбир эмас, балки изчил ва кенг қамровли экологик сиёсатнинг муҳим йўналишига айланаётганини кўрсатади.
Зеро, дарахт экиш — ишнинг бошланиши, уни парваришлаш эса ҳақиқий масъулиятдир. Экилган ҳар бир ниҳолнинг униб кетиши ва келгусида соя-салқинлик берувчи дарахтга айланиши учун мунтазам суғориш, агротехник парвариш ҳамда жамоатчилик назорати муҳим аҳамият касб этади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири