Сайхунободда яшил ҳудудлар кўлами кенгаймоқда
Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида жорий кузги мавсумда 1 миллион 164 минг 900 дона дарахт ва бута кўчатлари экиш режалаштирилган. 18 та маҳаллани қамраб оладиган мазкур тадбирлар қишлоқ хўжалиги ерлари, аҳоли хонадонлари, автомобиль ва темир йўллар бўйлари, ижтимоий соҳа объектлари ҳамда саноат корхоналари ҳудудларини кўкаламзорлаштиришни назарда тутади. Асосий мақсад — яшил майдонларни кенгайтириш, экологик барқарорликни мустаҳкамлаш ва аҳоли учун қулай атроф-муҳит яратиш.
— Бугун экилган бир ниҳол эртага бир хонадонга соя, бир маҳаллага кўрк, бутун ҳудудга эса экологик барқарорлик бағишлаши мумкин. Аммо бунинг учун кўчат экишнинг ўзи кифоя эмас — уни асраб-авайлаш, парваришлаш ва вояга етказиш ҳам зарур. Айни пайтда иқлим ўзгариши, ҳаво ҳароратининг кўтарилиши ва сув ресурслари тақчиллиги тобора долзарб аҳамият касб этаётган бир шароитда яшил ҳудудларни кенгайтириш ҳаётий заруратга айланмоқда, — деди туман ҳокими Комилжон Муллажонов.
Кўчат экиш режаси ҳудудлар ва йўналишлар кесимида шакллантирилган. Жумладан, 446 минг дона кўчат фермер хўжаликлари ва пахтачилик-ғаллачилик кластерлари далалари четларида ихота дарахтзорлари барпо этишга йўналтирилади. Аҳоли томорқалари ва маҳаллалар атрофига 201,9 минг, автомобиль ва темир йўллар бўйларига 89 минг, янги тутзорлар барпо этишга 85 минг, ободонлаштириш бошқармалари ҳудудларига 82 минг дона кўчат экиш белгиланган.
Шунингдек, боғ ва токзорлар барпо этиш учун 80 минг, вазирлик, идоралар, хўжалик бирлашмалари ва корхоналар ҳудудларига 55,5 минг, саноат корхоналари атрофида «яшил белбоғ»лар яратишга 45 минг, дарёлар, каналлар, ариқлар ва зовурлар бўйларига 36 минг дона кўчат ажратилган.
Қолган кўчатлар ҳам аниқ йўналишлар бўйича тақсимланган. Жумладан, тижорат банклари ҳудудларига 12,5 минг, соғлиқни сақлаш объектлари ва уларга туташ ҳудудларга 11 минг, мактабгача ва мактаб таълими муассасаларига 9 минг, олий таълим, фан ва инновациялар муассасаларига 5 минг, чиқинди полигонлари атрофида иҳота дарахтзорлари барпо этишга 4 минг, ўрмон фонди ерларида ўрмонлар яратишга 3 минг дона кўчат экиш режалаштирилган. Барча йўналишлар бўйича кўчатлар сони жами 1 миллион 164 минг 900 донани ташкил этади.
Мазкур тақсимотдан кўриниб турибдики, кўкаламзорлаштириш ишларида нафақат аҳоли яшаш манзиллари, балки қишлоқ хўжалиги майдонлари, ишлаб чиқариш ҳудудлари ва инфратузилма объектларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Бу эса дарахтзорларнинг экологик вазифаси билан бирга, ҳудудларнинг ободонлашувига ҳам хизмат қилади.
Сайхунобод туманида кўкаламзорлаштириш тадбирлари маҳаллаларни ривожлантириш, ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда аҳоли ташаббусларини қўллаб-қувватлаш жараёнлари билан уйғун ҳолда олиб борилмоқда.
2024 йил март ойида давлатимиз раҳбарининг Сирдарё вилоятига ташрифи давомида Сайхунобод туманидаги Иттифоқ маҳалласида аҳоли хонадонлари ва томорқа ерларидан фойдаланиш ҳолати билан танишилган эди. Ташриф чоғида «Сайхунобод тажрибаси» асосида нафақат вилоятда, балки республика бўйлаб иш ташкил этиш, аҳоли томорқаларидан унумли фойдаланиш, деҳқонларни қўллаб-қувватлаш, маҳсулот етиштириш ва экспорт имкониятларини кенгайтириш бўйича вазифалар белгиланди.
Шундан сўнг туманда томорқачилик ва уй хўжаликларини ривожлантириш ишлари янги босқичга кўтарилди. Мавжуд 3 минг 400 гектар аҳоли томорқасидан самарали фойдаланиш, бозор талабига мос маҳсулотлар етиштириш ва уларни сотиш имкониятларини кенгайтириш орқали хонадонларнинг даромад манбаларини кўпайтиришга эътибор қаратилди.
[gallery-32582]
«Сайхунобод тажрибаси»нинг асосий мазмуни ҳам мавжуд имкониятларни аниқлаш, улардан самарали фойдаланиш ва натижани аҳоли турмушида намоён этишдан иборат. Бугун ушбу ёндашувнинг «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси билан уйғунлашиб бораётгани ҳудудни комплекс ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Иқлим ўзгариши, ёзги ҳароратнинг кўтарилиши, тупроқ шўрланиши ва сув ресурсларининг чеклангани Сирдарё вилоятида экологик барқарорликни таъминлаш масаласини долзарб қилиб қўймоқда. Дарахтзорлар ҳаводаги чанг миқдорини камайтириш, карбонат ангидридни ўзлаштириш, тупроқни шамол эрозиясидан ҳимоя қилиш ва соя-салқин муҳитини шакллантиришда муҳим ўрин тутади. Айниқса, қишлоқ хўжалиги майдонлари атрофида барпо этиладиган ихота дарахтзорлари экинларни шамол таъсиридан муҳофаза қилишга хизмат қилади. Шу боис «Яшил макон» доирасида кўчат экиш билан бир қаторда, уларни ҳудуднинг табиий-иқлим шароитига мос танлаш, суғориш имкониятларини ҳисобга олиш ва мунтазам парваришлаш масалаларига ҳам эътибор қаратилмоқда.
Ҳудудларни ободонлаштиришда илғор тажрибаларни ўрганиш ва амалиётга татбиқ этиш ҳам муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади. Шу маънода, Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманидаги Чим маҳалласида аҳоли бандлигини таъминлаш, даромад манбаларини кенгайтириш ва ҳудудни обод қилиш борасида йўлга қўйилган ишлар сирдарёликлар томонидан ҳам ўрганилмоқда.
Туман ҳокими Комилжон Муллажоновнинг таъкидлашича, яқинда Чим маҳалласида бўлиб, у ердаги бунёдкорлик ишлари, аҳоли билан ҳамжиҳатликда амалга оширилаётган ташаббуслар ва бандликни таъминлаш тажрибаси билан танишиш Сирдарёдан борган раҳбарларда катта таассурот қолдирган.
— Чим маҳалласидаги ҳамжиҳатлик ва амалий ишлар нафақат менда, балки Сирдарёдан борган раҳбарларда ҳам катта таассурот қолдирди. Энг асосийси, бу тажриба биз учун катта мактаб вазифасини ўтади. «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш ва ҳудудларни ободонлаштиришда ҳам Чим тажрибаси қўл келмоқда. «Сайхунобод» ва «Чим» тажрибаларини уйғунлаштирган ҳолда маҳаллаларимизни, айниқса, Бахмалсойни намунавий ҳудудга айлантириш ишларини бошлаганмиз, — деди Комилжон Муллажонов.
Бахмалсой маҳалласида белгиланган режалар ободонлаштириш билан бир қаторда, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ва аҳоли учун қулай шароит яратишни ҳам қамраб олади. Хусусан, янги маҳалла биноси, хизмат кўрсатиш шохобчаси, ҳаммом ва спорт мажмуаси барпо этиш, собиқ маданият саройини болалар ва ёшлар учун замонавий маскан сифатида қайта тиклаш кўзда тутилган. Шунингдек, «Политех Сирдарё» МЧЖ томонидан тўқимачилик корхонасини ташкил этиш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Уни 2027 йил 1 январга қадар ишга тушириш режалаштирилган. Мазкур лойиҳа, айниқса, хотин-қизлар ва ишсиз аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилиши кутилмоқда.
А-373 халқаро автомобиль йўли бўйида хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш, маҳалланинг кириш ва чиқиш қисмларида узум сўрилари барпо этиш, мактабни реконструкция қилиш, кўчаларни таъмирлаш, замонавий ёритиш тизимлари ва видеокузатув камераларини ўрнатиш ҳам режалаштирилган.
Бундан ташқари, хитойлик инвестор билан 1,5 миллион бош паррандага мўлжалланган паррандачилик мажмуасини ташкил этиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда. Лойиҳа амалга оширилган тақдирда, хонадонларда бройлер парранда ва тухум етиштиришни кооперация асосида йўлга қўйиш имконияти яратилади. Бу эса аҳоли даромадларини ошириш ва янги иш ўринлари яратишга хизмат қилиши кутилмоқда.
«Яшил макон» умуммиллий лойиҳасининг самарадорлиги фақат экилаётган кўчатлар сони билан эмас, балки уларнинг сақланиб қолиши ва вояга етиши билан ҳам белгиланади. Шу сабабли кўчатларни агротехник талаблар асосида экиш, ўз вақтида суғориш, парваришлаш ва нобуд бўлишининг олдини олиш муҳим вазифалардан ҳисобланади.
Бу борада давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 23 сентябрдаги «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини амалга оширишда маҳаллалар ролини кучайтириш ва ҳудудларнинг яшиллик даражасини тубдан оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонида белгиланган вазифалар муҳим аҳамиятга эга. Хусусан, маҳаллаларда «3–30–300» халқаро стандартини жорий этиш, яшил ҳудудларни кўпайтириш, мавжуд дарахтларни муҳофаза қилиш, тежамкор суғориш воситаларини кенгайтириш ва ҳар бир маҳаллага ўрмончи-мураббий бириктириш каби чора-тадбирлар назарда тутилган.
Мазкур ёндашув кўкаламзорлаштириш ишларини фақат миқдор жиҳатидан эмас, балки экологик натижа, кўчатларнинг яшовчанлиги ва узоқ муддатли самарадорлиги нуқтаи назаридан ташкил этишни тақозо қилади. Туманда «Яшил макон» доирасида ўтказилаётган умумхалқ ҳашарларида аҳоли, давлат ва нодавлат ташкилотлари ходимларининг фаол иштироки ҳам бу жараёнда жамоатчилик масъулияти муҳим ўрин тутаётганини кўрсатади.
Умуман, Сайхунободда амалга оширилаётган ишлар бир-бири билан узвий боғлиқ уч йўналишни қамраб олган. «Сайхунобод тажрибаси» орқали ердан унумли фойдаланиш ва аҳоли даромадини ошириш, «Чим тажрибаси» асосида маҳаллаларда ҳамжиҳатлик ва бунёдкорликни ривожлантириш, «Яшил макон» лойиҳаси орқали эса экологик барқарорликни таъминлашга эътибор қаратилмоқда.
Туманда экиладиган 1 миллион 164 минг 900 дона кўчат, Бахмалсой маҳалласида режалаштирилган инфратузилма лойиҳалари ва аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланишга қаратилган ишлар ҳудудни комплекс ривожлантиришга хизмат қилади. Бу жараёнларда кўкаламзорлаштириш, аҳоли бандлиги ва турмуш шароитини яхшилаш масалаларининг уйғун олиб борилаётгани муҳим аҳамиятга эга.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (суратлар) ЎзА мухбирлари