Талабаларга “Карьера куни” меҳнат ярмаркасида 1 минг 500 бўш иш ўрни таклиф этилди
Сурхондарё вилоятидаги Денов тадбиркорлик ва педагогика институтида “Келажакка қадам” дастури доирасида “Карьера куни” бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси бўлиб ўтди.
Тадбирда институтнинг битирувчи курс талабалари учун Денов, Узун, Олтинсой, Сариосиё, Қумқўрғон туманлари камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўлимлари 52 та муассаса, корхона ва ташкилотнинг 1 минг 500 та бўш иш ўрни билан иштирок этди.
Жорий йил институтда 8 мингдан ортиқ талаба таълим олмоқда. Уларнинг икки минг 25 нафари шу йил олий таълим муассасасини тугатиб, мустақил ҳаётга йўлланма олади. Битирувчи йигит-қизлардан 1 минг 35 нафарининг иш жойи аниқ бўлган. Улар олий таълим муассасасини тугатиши билан халқ хўжалигининг турли соҳаларида меҳнат қила бошлайди. 210 нафар битирувчи ўз-ўзини иш банд қилган.

Институтда талаба-ёшларнинг таълим олиб, мутахассисликларни эгаллаши учун барча замонавий шароит яратилган. 117 та ўқув аудиторияси ва лаборатория 74 та смарт доска, 6 та видеопроектор, 1 минг 125 га яқин компьютер билан жиҳозланган. 14 та компьютер синфи ва 12 та ўқув лабораторияси мавжуд.
Таълим сифатини ошириб, меҳнат бозорида рақобатбардош кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор берилаётган ўқув даргоҳи хориж тажрибаларидан ҳам самарали фойдаланмоқда. Шу мақсадда Россия, Қатар, Туркия, Ҳиндистон, Индонезия, Малайзия, Жанубий Корея, Қозоғистон, Беларус, Aфғонистон, Тожикистон каби давлатлардаги 86 та нуфузли университетлар билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланиб, ҳамкорликда ўқув машғулотлари ва илмий-тадқиқот ишлари олиб борилмоқда.

Ўтган йил фойдаланишга топширилган “Карьера” маркази ҳам таълим ва амалиёт уйғунлигини таъминлайдиган замонавий масканга айланди. Жумладан, хорижий тил бўйича миллий ва халқаро сертификатларни қўлга киритишга мўлжалланган 8 та махсус ўқув-тайёргарлик тўгараги фаолият юритмоқда. Пишириқчилик, тикувчилик, сартарошлик, ҳунармандчилик каби йўналишларда ҳам курслар ташкил этилган. Рус, корейс, ҳинд, тожик ва турк ўқув-маданият таълим марказларида ҳам талабалар тил ўрганиб, мамлакатларнинг тарихи, маданияти ва анъаналари билан яқиндан танишмоқда.

Байрамона руҳда ўтган ярмаркада институтнинг битирувчилари тўғрисидаги маълумотлар билан танишиш имконияти яратилди. Талабалар эришган ютуқлар, лаборатория ишларидан намуналар, институтда ташкил этилган тўгараклар фаолияти, спорт клуби аъзоларининг кўргазмали чиқишлари намойиш этилди. Ахборот ресурс маркази китоб ярмаркаси ташкил этди.

Иш берувчи муассаса, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда масъул ходимлари талаба-ёшлар билан учрашув ўтказиб, бўш иш ўринлари ва меҳнат шартлари ҳақида атрофлича маълумот берди. Номзод талабалар билан суҳбатлашди.

Меҳнат ярмаркасида институтнинг 170 дан ортиқ битирувчи талабаси таълим муассасалари ва бошқа ташкилот, корхоналар иш берувчилари билан ишга жойлашиш тўғрисида шартнома тузди.
Тадбир институтнинг мусиқа таълим йўналиши талабалари тайёрлаган қизиқарли концерт дастури билан якунланди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири