“Карьера куни” ташкил этилди
Тошкент халқаро вестминстер университетида Божхона қўмитаси ташаббуси билан “Карьера куни” тадбири ташкил этилди. Ушбу учрашув ёшларни давлат хизматига, хусусан, божхона органларига жалб этиш, уларни соҳа имкониятлари билан яқиндан таништириш ва касбий йўналиш беришга қаратилди.
Учрашув давомида ёш мутахассисларнинг касбий ривожланиши, амалиёт ўташ имкониятлари ва келгусида ишга жойлашиш масалалари муҳокама қилинди.

Тадбирда божхона органларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, рақамлаштириш жараёнлари, замонавий ахборот технологияларининг жорий этилиши ҳамда кадрлар тайёрлаш тизими ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, ёш мутахассислар учун яратилаётган имкониятлар, уларнинг касбий ўсиши ва малакасини оширишга қаратилган дастурлар ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.

Учрашув давомида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди. Уларга амалиёт ўташ, танлов асосида ишга қабул қилиш тартиби, хизмат фаолиятидаги талаблар ва касбий ривожланиш имкониятлари ҳақида атрофлича тушунтиришлар берилди. Айниқса, хорижий тилларни мукаммал билувчи, таҳлилий фикрлаш қобилиятига эга ва замонавий технологиялар билан ишлай оладиган ёш мутахассисларга эҳтиёж юқори экани таъкидланди.

Шунингдек, божхона тизимида хизмат қилишнинг ўзига хос жиҳатлари, иш жараёнида қўлланилаётган илғор технологиялар, хавфларни бошқариш тизимлари ҳамда халқаро ҳамкорлик доирасида амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида берилган маълумотлар талабаларда катта қизиқиш уйғотди.

Учрашув якунида талабалар учун Божхона қўмитасида “Очиқ эшиклар куни”ни ташкил этиш, уларнинг амалий кўникмаларини оширишга қаратилган қўшма дастурларни амалга ошириш ва ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича келишувга эришилди.
Ш.Маматуропова,
ЎзА