“Карьера куни”: меҳнат ярмаркаси ўтказилди
Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида битирувчи курс талабаларининг бандлигини таъминлаш мақсадида “Карьера куни” доирасида бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси бўлиб ўтди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда унга қарашли шаҳар ва туман бўлимлари вакиллари, Қорақалпоғистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси “Келажак маркази”, тижорат банклари, шунингдек, бир қатор олий таълим муассасалари ва бошқа ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

“Карьера куни” меҳнат ярмаркасини ўтказишдан кўзланган асосий мақсад талабаларга меҳнат қонунчилиги ҳақида тушунчалар бериш, ишга жойлашиш учун ҳужжатларни тайёрлаш ва иш берувчилар билан суҳбатлашиш усулларини ўргатиш, иш берувчилар учун институтда тайёрланаётган кадрлар салоҳиятини таништириш, ўқиётган ва битирувчи курс талабаларининг бандлигини таъминлашга кўмаклашишдан иборатдир.

– Ўтган ўқув йилида институтни 4 минг 369 нафар талаба битириб чиққан бўлса, шундан 81,9 фоиз битирувчининг бандлиги таъминланди. Бу йилги ўқув йилида эса жами 4 минг 420 нафар талаба битириб чиқиши кутилаётган бўлиб, шундан ҳозиргача 54 фоиз битирувчи доимий иш билан банд. Бугунги меҳнат ярмаркаси битирувчиларга бўш иш ўринлари ҳақида маълумот бериш ва ишга жойлашишига кўмаклашиш мақсадида ташкил этилди, – дейди институтнинг регистратор офиси раҳбари Бекмурат Тўлепов.

Меҳнат ярмаркасида асосий иш берувчи ҳисобланган Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги бошқарма ва бўлимлар билан ҳамкорликда тадбиркорлик субъектлари, давлат ва нодавлат муассасалари, корхона ва ташкилотлар вакиллари бўш иш ўринларини намойиш этди.

Тадбир давомида талаба-ёшлар бандлигини таъминлаш, уларга тегишли соҳалар бўйича иш ўринларига йўлланмалар бериш, иш берувчилар билан шартномалар тузиш ишлари олиб борилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.