“Талабалар лигаси”: баскетбол ва шахмат бўйича ғолиблар аниқланди
Навоий шаҳрида “Талабалар лигаси” спорт мусобақаларининг баскетбол ва шахмат турлари бўйича беллашувлари ўтказилди.
Олий таълим муассасалари талабалари ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида ўтказилган шахмат бўйича беллашувлар қизғин ва муросасиз ўтди.


Якуний натижаларга кўра, ўғил болалар ўртасида 1-ўринни Тошкент шаҳри вакили Абдулазиз Қурбанов, 2-ўринни Жавоҳир Шодиев (Қашқадарё вилояти), 3-ўринни эса Темурбек Шерназаров (Самарқанд вилояти) қўлга киритди.
Талаба-қизлар ўртасидаги беллашувларда эса 1-ўрин пойтахтлик Ситора Сапаровага насиб этган бўлса, бухоролик Мадина Тўхтаева ва қорақалпоғистонлик Селби Какишовалар мос равишда кейинги ўринларни эгаллашди.


Баскетбол бўйича ўтказилган мусобақада йигитлар ўртасида 1-ўрин Тошкент шаҳри, 2-ўрин Хоразм вилояти, 3-ўрин Тошкент вилояти жамоасига насиб этди. Қизлар ўртасида эса 1-, 2- ва 3-ўринларни Фарғона, Наманган ва Андижон вилоятлари жамоалари қўлга киритди.


Фахрли ўринлар соҳиби бўлган жамоалар Навоий вилояти ҳокимлиги, вилоят Олий таълим, фан ва инновацциялар бошқармаси, Спорт бошқармаси ҳамда Навоий давлат педагогика институти ва Навоий давлат кончилик технологиялари университети томонидан эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Маълумот ўрнида: “Талабалар лигаси” спорт мусобақалари ғолиб ва совриндорлари Тошкент шаҳрида тантанали тақдирланади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири