Маълумки, баҳор фасли мамлакатимизда ёғингарчилик билан кечади. Шундай вақтларда айрим ҳудудларда сел келиши, сув тошқинлари бўлиши туфайли аҳолига моддий жиҳатдан жиддий зиён етади.
Шу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Тошкент вилоятида ҳам чоралар кўрилмоқда. Хусусан, Пискент тумани ҳокими, фуқаро муҳофазаси бошлиғи Р.Рихсиевнинг буйруғи асосида Фавқулодда вазиятлар бўлими томонидан туман ҳудудидан ўтувчи Оҳангарон дарёси ўзанини тозалаш, қирғоқларини мустаҳкамлаш бўйича махсус-тактик ўқув машғулотлари ўтказилмоқда.
– Жорий йил баҳор мавсумида сел, сув тошқини каби табиий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида жойларга барча куч ва воситалар сафарбар этилган, – дейди туман ҳокими ўринбосари С. Исақулов.
– Туман ФВБ, ободонлаштириш, йўллардан фойдаланиш бўлимининг 35 нафар ишчи-ходими, 2 та экскаватор, 30 та оғир юк ташувчи техника воситалари жалб этилган. Мақсадимиз фавқулодда ҳолатларга доимо тайёр бўлиш, аҳолини муҳофаза қилишдир.
Президентимизнинг 2019 йил 17 январдаги “Аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида дарё ўзанини тозалашдан ортган шағал “Дўнгқўрғон”, “Файзобод”, “Сувти”, “Тараққиёт” маҳалла фуқаролар йиғинларидаги кўчаларни шағаллаштириш, қўшни Нурафшон шаҳри ва Бўка туманига юборилмоқда.
А.Мусаев, ЎзА