Махсус-тактик ўқув машқи ўтказилди
Сирдарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ташаббуси билан фавқулодда вазиятлар юзага келган тақдирда тезкор ва қутқарув хизматларининг ўзаро ҳамкорлигини янада такомиллаштириш, куч ва воситаларнинг шайлик даражасини амалда синовдан ўтказиш, шунингдек, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Сардоба тумани ҳудудида жойлашган Пахтаобод деҳқон бозорида махсус-тактик ўқув машқи ташкил этилди.
Ўқув машқи ишлаб чиқилган сценарий асосида олиб борилди. Унга кўра, шартли равишда юзага келган фавқулодда ҳолат тўғрисида хабар келиб тушиши билан тегишли хизматлар томонидан тезкор сафарбарлик таъминланди. Ҳудудни ўраб олиш, фуқароларни хавфсиз жойга эвакуация қилиш, жабрланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, ёнғин ва бошқа хавфли омилларни бартараф этиш бўйича аниқ ва мувофиқлаштирилган амалий ҳаракатлар бажарилди. Барча хизматларнинг ҳаракатлари ягона бошқарув асосида мувофиқлаштирилди.

Машғулотлар давомида жалб этилган куч ва воситаларнинг ўзаро ҳамжиҳатлиги, тезкор қарор қабул қилиш қобилияти, махсус техника ва жиҳозлардан самарали фойдаланиш даражаси амалий жиҳатдан баҳоланди. Шунингдек, мавжуд имкониятлар ва ресурслардан оқилона фойдаланиш, ҳаракатларнинг изчиллиги ва тезкорлигига алоҳида эътибор қаратилди.

– Машғулотлар жараёнида хизматларнинг ўзаро ҳамкорлиги, тезкорлиги ва ҳаракатлар мувофиқлиги синовдан ўтказилди. Аниқланган айрим камчиликлар юзасидан масъулларга тегишли кўрсатмалар берилиб, уларни қисқа муддатларда бартараф этиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди, – дейди Сирдарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Сардоба туман бўлими бошлиғи, капитан Санжар Холмуродов.
Асосийси, тизим ходимлари томонидан мазкур махсус-тактик ўқув машқи ҳудудда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, уларнинг эҳтимолий оқибатларини камайтириш, шунингдек, тезкор хизматларнинг доимий шайлигини таъминлашга хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири