Қўмондонлик-штаб ўқув машқи ўтказилди
Сирдарё вилоятининг Боёвут тумани ва Гулистон шаҳрида фавқулодда вазиятларда бошқарув органлари ҳамда тезкор хизматларнинг ўзаро ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга қаратилган уч кунлик қўмондонлик-штаб ўқув машқи муваффақиятли ўтказилди.
“Бошқарув органлари, Фавқулодда вазиятлар давлат тизимининг ҳудудий ва функционал қуйи тизимларининг фавқулодда вазиятларни бартараф этиш бўйича ҳаракатлари” мавзусида ташкил этилган ўқув машқида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизими, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда ҳамкор ташкилот ва идораларнинг куч ҳамда воситалари иштирок этди.


Ўқув машқи шартли фавқулодда вазият сигнали эълон қилиниши билан бошланди. Белгиланган алгоритм асосида барча масъул хизматларга зудлик билан хабар етказилиб, тезкор штаб иши йўлга қўйилди. Кейинги босқичларда эҳтимолий фавқулодда вазиятлар оқибатларини баҳолаш, қутқарув ишларини ташкил этиш, куч ва воситаларни самарали бошқариш ҳамда хизматлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мувофиқлаштириш бўйича амалий ҳаракатлар бажарилди.


Уч кун давом этган машғулотлар жараёнида Фавқулодда вазиятлар давлат тизими хизматлари раҳбарларининг тайёргарлик даражаси, шахсий таркибнинг амалий кўникмалари, шунингдек, махсус техника ва қутқарув воситаларининг шайлиги синовдан ўтказилди. Шу билан бирга, турли шартли вазиятлар асосида қутқарув ишларини ташкил этиш, аҳолини хавфсиз ҳудудга эвакуация қилиш, жабрланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш ҳамда муҳим инфратузилма объектларида тезкор ҳаракат қилиш бўйича амалий машқлар ўтказилди.



— Бундай қўмондонлик-штаб ўқув машқлари фавқулодда вазиятлар юз берганда барча хизматларнинг тезкор ва мувофиқлаштирилган ҳаракат қилиш кўникмаларини мустаҳкамлайди. Шу билан бирга, бошқарув самарадорлигини ошириш, шахсий таркибнинг амалий тажрибасини бойитиш ҳамда мавжуд куч ва воситаларнинг шайлигини амалда синовдан ўтказиш имконини беради, — дейди Сирдарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходими, капитан Даврон Сулаймонов.



Ўқув машқи якунида иштирок этган барча хизматларнинг тайёргарлик даражаси таҳлил қилиниб, мавжуд куч ва воситаларнинг фавқулодда вазиятларга шайлиги яна бир бор баҳоланди. Бу эса аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, фавқулодда вазиятлар оқибатларини қисқа муддатларда бартараф этиш ҳамда масъул хизматларнинг тезкор ҳаракат қилиш салоҳиятини янада ошириш учун мустаҳкам замин яратди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири