Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Таҳлил ва танқид руҳида

Наманганда 2015 йилда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифаларига бағишланган фаоллар йиғилиши бўлиб ўтди.

Наманганда 2015 йилда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифаларига бағишланган фаоллар йиғилиши бўлиб ўтди.

Вилоят ҳокими Х.Бозоров бошқарган йиғилишда асосий эътибор давлатимиз раҳбари Ислом Каримовнинг мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлашга қаратилди.

Таъкидландики, мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар самараси Наманган вилоятида ҳам ўз ифодасини топмоқда. Хусусан, 2015 йилда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 8,7 фоиз, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 14, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 5,9, капитал қўйилмалар 5,9, қурилиш-монтаж ишлари 11,1, чакана савдо айланмаси 12,9, жами хизматлар кўлами 13,2 фоиз ўсди.

Ҳисобот даврида 1650 дан ортиқ янги кичик бизнес субъекти ташкил этилиб, уларнинг умумий сони 15 минг 731 тага, вилоят ялпи ҳудудий маҳсулотидаги улуши 80,2 фоизга, саноатдаги улуши эса 61,9 фоизга етди. 70 га яқин корхона томонидан 127,8 миллион долларлик маҳсулот ва хизматлар экспорт қилинди.

Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига тижорат банклари томонидан 504 миллиард сўмдан зиёд кредит маблағлари ажратилди.

Бюджет маблағлари ҳисобидан 88 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилди. Жумладан, 5 соғлиқни сақлаш муассасаси, 19 умумтаълим мактаби, 8 касб-ҳунар коллежи, 16 болалар спорти иншооти, жами 89 ижтимоий объект қурилиб, фойдаланишга топширилди. 34 қишлоқ аҳоли пунктида тоза ичимлик суви таъминоти яхшиланди.

Намунавий лойиҳа асосида 25 массивда 848 замонавий уй-жой барпо этилиб, ушбу ҳудудларда 52,6 километр ичимлик суви, 19,2 километр электр, 21,6 километрлик газ тармоғи тортилди. 27,8 километр ички йўллар қурилди.

Ердан самарали фойдаланмаётган 1 минг 987 фермер хўжалиги негизида ер майдонини мақбуллаштириш асосида 3 минг 775 янги фермер хўжалиги ташкил этилди.

Вилоятда бандлик дастури ижросини таъминлаш, хусусан, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Ҳисобот даврида 75 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди. Доимий иш билан таъминланганларнинг 39 минг 600 дан зиёди коллеж битирувчиларидир.

“Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури доирасида белгиланган чора-тадбирлар ижросига 234 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди.

Йиғилишда ютуқлар билан бирга, йўл қўйилган камчиликлар, ечимини кутаётган муаммоларга эътибор қаратилди. Вилоятдаги йирик корхоналарнинг 30 фоизида саноат ишлаб чиқаришида пасайиш кузатилган. Жумладан, Наманган шаҳридаги 7 корхонада саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 24 миллиард сўмга камайган. Бундай ҳолат Норин, Поп туманларида ҳам қайд этилган. Чортоқ, Чуст каби туманларда аҳоли жон бошига саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш вилоят умумий кўрсаткичидан паст даражада қолмоқда. Янгиқўрғон ва Учқўрғон туманларида маҳаллийлаштириш дастури асосидаги ишлар талаб даражасида эмаслиги кўрсатиб ўтилди.

Йиғилишда қайд этиб ўтилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Наманган вилояти фаоллари йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.Мирзиёев сўзга чиқди.