Ўзбекистон - АҚШ: нефть-газ соҳасида инвестициявий ҳамкорлик ривожлантирилади
Нефть-газ саноатини ривожлантириш, ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш ва истиқболли лойиҳаларни амалга оширишда халқаро инвестицияларни жалб этиш муҳим аҳамият касб этади. Бу борада нуфузли халқаро молиявий институтлар ва инвестиция компаниялари билан ҳамкорликни ривожлантириш алоҳида ўрин тутади.
“Ўзбекнефтгаз” АЖда АҚШнинг йирик халқаро молиявий корпорацияларидан бири бўлган “Citi” банки ҳамда етакчи халқаро инвестиция компаниялари вакиллари билан ўтказилган учрашувда мазкур йўналишдаги ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Учрашувда томонлар ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Мулоқот давомида Жамиятнинг молиявий ҳолати ва ишлаб чиқариш кўрсаткичлари, углеводородларни қазиб олиш ҳажмлари, геология-қидирув ишлари натижалари ҳамда қайта ишлаш қувватларини модернизация қилишга қаратилган лойиҳалар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Таъкидлаш жоизки, “Citi” банки кўп йиллик тарих ва бой молиявий тажрибага эга йирик халқаро молиявий корпорация бўлиб, 1812 йилда АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида ташкил этилган. Бош қароргоҳи ҳам мазкур шаҳарда жойлашган банк корпоратив ва инвестиция банк хизматлари, халқаро молия бозорларидаги операциялар, капитал жалб қилиш ҳамда йирик инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш йўналишларида фаолият юритади. Бугунги кунда банк дунёнинг кўплаб мамлакатларида мижозларга молиявий хизматлар кўрсатиб, жамият ва иқтисодиёт ривожига ҳисса қўшиб келмоқда.
Шунингдек, мулоқотда инвестиция дастури, уни молиялаштириш манбалари, қарз юкини самарали бошқариш, ликвидлик ҳолати ва халқаро рейтинг агентликлари билан ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Жамият ахборот хизматига кўра, учрашув якунида томонлар ўзаро мулоқотни давом эттириш ва ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга келишиб олди.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА