Жиззахда камбағалликни қисқартириш бўйича чоралар белгиланди
Жиззах вилояти ҳокими Улуғбек Мустафоев раислигида ўтказилган йиғилишда вилоятда камбағалликни қисқартириш натижалари атрофлича муҳокама қилинди. Унда аҳоли даромадини ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва ижтимоий кўмакни манзилли ташкил этиш масалалари кўриб чиқилди.
Дастлаб, хонадонбай хатлов натижалари таҳлил қилинди. Ҳоким ёрдамчилари 278 мингта хонадондаги 1,1 миллион нафар аҳолининг даромад манбаларини ўрганди. Бироқ белгиланган режа 72,5 фоизга бажарилган, холос. Хусусан, Дўстлик, Пахтакор, Фориш, Бахмал ва Арнасой туманларида хатлов кўрсаткичи 70 фоизга ҳам етмаган.
Бешта тоифага кирувчи 143,1 минг нафар аҳолидан фақат 41 минг нафарига ёрдам кўрсатилган. 45 та маҳаллада ушбу кўрсаткич 15 фоиздан пастлигича қолган. Жиззах шаҳридаги "Сангзор" маҳалла фуқаролар йиғинида эҳтиёжи аниқланган 831 нафар фуқаронинг атиги 66 нафарига кўмак берилган. 23 та маҳаллада эса аҳолини тадбиркорликка жалб этиш бўйича бирорта иш қилинмаган.
Бу рақамлар маҳаллалардаги манзилли ишларни кучайтириш зарурлигини кўрсатади. Зеро, эҳтиёжманд оилани аниқлаш билан вазифа тугамайди. Унинг даромадини оширишга хизмат қиладиган амалий ечим топилиши шарт.

Вилоят ҳокими ҳар бир оиланинг эҳтиёжини аниқлаш билан чекланмасдан, асосий эътиборни уларнинг даромадини ошириш ва турмуш шароитини яхшилашга қаратиш лозимлигини таъкидлади.
Ижтимоий жамғармалар маблағларидан фойдаланишдаги камчиликлар ҳам танқид қилинди. "Ёшлар дафтари"да 12,1 миллиард, "Аёллар дафтари"да 6,2 миллиард сўм ўзлаштирилмай қолган. "Саховат ва кўмак" жамғармасидаги 11,6 миллиард сўм маблағ ҳам ишлатилмаган.
Жумладан, Зоминда ёшлар учун ажратилган 2,2 миллиард сўмдан самарали фойдаланилмаган. Жиззах шаҳрида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш учун ажратилган 600 миллион сўмдан ортиқ маблағ бўйича ҳам натижадорлик талабга жавоб бермаган.
Ҳолбуки, ушбу маблағлар одамларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилиши керак. Ҳокимнинг таъкидлашича, ажратилган маблағлар қоғозда қолмаслиги керак. Ҳар бир сўм аҳоли фаровонлигига хизмат қилиши шарт.
Бандлик йўналишида сентябрь ойида 4 мингта доимий иш ўрни яратилган. Режа 100,2 фоизга бажарилган. Норасмий бандликни қисқартириш орқали 6,3 мингта иш ўрни расмийлаштирилган. Бу кўрсаткич 118 фоизни ташкил этган. Бироқ Арнасой, Фориш ва Дўстлик туманларида натижалар пастлигича қолмоқда.

Сентябрь-октябрь ойларида камбағал оилалар даромадини ошириш мақсадида 5,3 мингта хизмат кўрсатилган. Режа 100,4 фоизга бажарилган. Шунга қарамай, 150 та маҳаллада белгиланган вазифалар амалга оширилмаган.
Ғаллаорол туманидаги "Тозауруғ" МФЙда 295 нафар эҳтиёжманд фуқаро билан манзилли ишлар ташкил этилмаган. Натижада режа атиги 27 фоизга бажарилган. Зоминдаги "Мустақиллик" МФЙда ҳам 5 миллиард сўм ажратилганига қарамай, ишлар талаб даражасида эмас.
Шароф Рашидов туманидаги "Ускуналар маркази" фаолиятида ҳам фойдаланилмаган имкониятлар кўплиги қайд этилди. Марказ орқали ҳозиргача атиги 125 та шартнома имзоланган. Ваҳоланки, айрим маҳаллаларда ускуна харид қилиш истагидаги талабгорлар ўнлаб топилади.
Шу боис ҳар бир маҳаллада камида 10 та хонадонда кичик ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш вазифаси белгиланди. Бу орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ва оилалар даромадини кўпайтириш кўзда тутилган.
Қурилиш дастурлари ижросидаги кечикишлар ҳам эътибордан четда қолмади. 553 миллиард сўм ажратилган 266 та объектнинг 146 тасида ишлар якунланган. Қолган 120 та объект фойдаланишга топширилмаган. Айниқса, Пахтакор ва Янгиобод туманларидаги ҳолат танқид қилинди. Мазкур ҳудудларда «Сувқурилишинвест» буюртмачилигидаги айрим объектларда қурилиш ишлари тўхтаб қолган.

Бугунги кунда аҳоли бандлигини таъминлашнинг ҳуқуқий ва ташкилий механизмлари ҳам такомиллаштирилмоқда. Хусусан, 2026 йил 29 сентябрда Вазирлар Маҳкамасининг 522-сонли "Ўзбекистон Республикасида аҳоли бандлиги ва ишсизлик ҳисобини юритишни такомиллаштириш тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.
Ушбу ҳужжат меҳнат ресурслари балансини шакллантириш, ишсизликни ҳисоблаш ва норасмий банд аҳолининг манзилли рўйхатини юритиш тартибларини белгилайди. Шунингдек, маълумотларни рақамли платформалар орқали шакллантириш механизмларини назарда тутади.
Йиғилиш якунида масъулларга камчиликларни бартараф этиш бўйича аниқ топшириқлар берилди. Хонадонлар хатловини якунлаш, ижтимоий жамғармалар маблағларини мақсадли ўзлаштириш вазифаси қўйилди.
Ишсиз аҳолини мавжуд 4,8 мингта бўш иш ўрнига жойлаштириш ҳам топширилди. 80 миллиард сўмлик имтиёзли кредитларни камбағал оилалар лойиҳаларига йўналтириш белгиланди. Фойдаланишга топширилмаган 120 та объектдаги қурилиш ишларини 15 кун ичида якунлаш вазифаси юклатилди.

Улуғбек Мустафоев "Ҳисоботлардаги рақамлар эмас, одамлар ҳаётидаги ўзгаришлар асосий мезон бўлиши керак. Ҳар бир раҳбар топшириқлар ижроси учун шахсан жавоб беради!", дея таъкидлади.
Дарҳақиқат, камбағалликни қисқартириш фақат режалар ва ҳисоботлар билан ўлчанмайди. Бу жараён ҳар бир хонадондаги даромад, иш билан бандлик ва турмуш шароитидаги ўзгаришларда намоён бўлади. Энг муҳими, белгиланган вазифалар қоғозда эмас, ҳаётда ўз ифодасини топиши лозим.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири