COP31: иқлим дипломатиясидан – йирик «яшил» инвестициялар ва минтақавий интеграция сари
XXI асрнинг энг долзарб глобал муаммоларидан бири бўлган иқлим ўзгариши бугунги кунда нафақат экологик, балки иқтисодий, ижтимоий ва геосиёсий хавфсизлик масаласига айланди. Шу нуқтаи назардан, Туркиянинг Анталия шаҳрида ташкил этилган БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича 31-конференцияси (COP31) халқаро иқлим сиёсатини янги босқичга олиб чиқди.
Ўзбекистоннинг халқаро иқлим дипломатияси ва яшил иқтисодиётни ривожлантириш истиқболлари юзасидан ЖИДУ Халқаро иқтисодиёт кафедраси доценти Сурия Тўраева ўз муносабатини билдирди:
–Иқлим ўзгаришига қарши кураш бугун нафақат экологик зарурат, балки давлатларнинг иқтисодий рақобатбардошлиги, энергетика хавфсизлиги ва халқаро ҳамкорлик салоҳиятини белгилайдиган муҳим омилга айланмоқда. БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги ҳадли конвенцияси доирасида ўтказилаётган COP31 конференцияси Ўзбекистон учун халқаро иқлим дипломатиясидаги иштирокини мустаҳкамлаш, яшил инвестицияларни жалб этиш ва барқарор иқтисодий тараққиётни жадаллаштиришда янги имкониятлар очиши мумкин.
Глобал ҳароратнинг кўтарилиши, сув ресурсларининг камайиши, қурғоқчилик ва экстремал об-ҳаво ҳодисаларининг кўпайиши давлатлардан нафақат миллий даражада чоралар кўришни, балки ўзаро келишилган халқаро сиёсат юритишни ҳам талаб этмоқда.
Айниқса, Марказий Осиё учун иқлим ўзгариши оқибатлари жиддий аҳамият касб этади. Минтақада сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, чўлланишнинг олдини олиш, қишлоқ хўжалигини янги иқлим шароитларига мослаштириш ва энергетика тизимини модернизация қилиш долзарб вазифалардан ҳисобланади.
Ўзбекистон ушбу жараёнларда фаол иштирок этиб, иқлим масалаларини ташқи сиёсат, иқтисодий ислоҳотлар ва минтақавий ҳамкорлик билан узвий боғлашга интилмоқда. COP31 ана шу ёндашувни халқаро майдонда илгари суриш учун муҳим дипломатик платформа бўлиши мумкин.
Ўзбекистон Париж битими иштирокчиси сифатида иқлим ўзгаришига қарши курашиш бўйича халқаро мажбуриятларни амалга оширишга қаратилган сиёсат юритмоқда. Мамлакатда қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш, энергия самарадорлигини ошириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва иқтисодиёт тармоқларида экологик барқарорликни таъминлаш бўйича ислоҳотлар олиб борилмоқда.
Бу жараёнда иқлим дипломатияси алоҳида ўрин тутади. У илғор технологияларни жалб этиш, халқаро молия институтлари билан ҳамкорликни кенгайтириш, миллий манфаатларни ҳимоя қилиш ва минтақавий ташаббусларни илгари суришни ҳам ўз ичига олади.
Ўзбекистоннинг Оролбўйи минтақасида экологик вазиятни яхшилашга қаратилган ташаббуслари бу борада муҳим мисолдир. COP31 доирасида ушбу тажрибани халқаро ҳамжамиятга тақдим этиш, Оролбўйида амалга оширилаётган лойиҳалар учун қўшимча молиявий ва технологик ресурсларни жалб қилиш имкониятлари мавжуд.
Бугунги кунда яшил иқтисодиётга ўтиш Ўзбекистоннинг узоқ муддатли иқтисодий ривожланишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Яшил иқтисодиёт ресурслардан самарали фойдаланиш, атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтириш ва инновацион технологияларни жорий этиш орқали иқтисодий тараққиётни таъминлашга қаратилган.
Ўзбекистонда қуёш ва шамол энергетикасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар ушбу ўзгаришларнинг амалий ифодасидир. Мамлакатнинг қуёш энергияси салоҳияти ва электр энергиясига ўсиб бораётган талаб қайта тикланувчи энергетикага инвестиция киритиш учун қулай шароит яратади.
Шу билан бирга, яшил иқтисодиёт фақат энергетика соҳаси билан чекланмайди. Саноат корхоналарида энергия тежамкор технологияларни жорий этиш, сувни тежайдиган суғориш тизимларини кенгайтириш, экологик транспортни ривожлантириш ва чиқиндиларни қайта ишлаш ҳам ушбу жараённинг ажралмас қисмидир.
Яшил иқтисодиётни ривожлантириш катта ҳажмдаги инвестицияларни талаб этади. Шу сабабли иқлим молияси COP31 кун тартибида Ўзбекистон учун энг муҳим масалалардан бири бўлиши мумкин.
Хусусан, яшил облигациялар, имтиёзли кредитлар, грантлар, давлат-хусусий шериклик механизмлари ва халқаро иқлим жамғармалари орқали молиялаштириш манбаларини кенгайтириш муҳим аҳамиятга эга. Бироқ инвестицияларни жалб қилишнинг ўзи етарли эмас. Лойиҳаларнинг иқтисодий самарадорлиги, экологик натижалари, шаффофлиги ва халқаро стандартларга мувофиқлиги ҳам таъминланиши зарур.
COP31 доирасида Марказий Осиё давлатларининг умумий экологик манфаатларини халқаро кун тартибига олиб чиқиш ва минтақавий лойиҳалар учун молиявий ресурсларни жалб қилиш муҳим натижалардан бири бўлиши мумкин.
Иқлим сиёсати самарадорлиги фақат иссиқхона газлари чиқиндиларини қисқартириш билан ўлчанмайди. Унинг муҳим мезонларидан бири аҳоли ҳаёти ва иқтисодиётнинг иқлим хавфларига нисбатан бардошлилигини оширишдир.
Ўзбекистон шароитида бу, аввало, сув танқислигига мослашиш, қишлоқ хўжалигида ҳосилдорликни сақлаш, иссиқлик тўлқинларининг аҳоли саломатлигига таъсирини камайтириш ва табиий офатларга тайёргарликни кучайтиришни англатади.
Иқлимга мослашиш бўйича самарали сиёсат юритиш учун илмий тадқиқотлар, замонавий мониторинг тизимлари ва малакали мутахассислар тайёрлаш муҳим.
Халқаро иқлим конференцияларининг аҳамияти уларда қабул қилинган баёнотлар билангина эмас, балки эришилган келишувларнинг амалда қандай бажарилиши билан ҳам белгиланади.
Шу сабабли Ўзбекистон учун COP31 доирасидаги иштирокни аниқ иқтисодий ва институционал натижаларга йўналтириш муҳим. Бунда инвестицияга тайёр яшил лойиҳалар портфелини шакллантириш, халқаро молиялаштириш механизмларидан фойдаланиш салоҳиятини ошириш ва давлат ҳамда хусусий сектор ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш устувор вазифалар бўлиб қолади.
Хулоса қилиб айтганда, COP31 Ўзбекистон учун халқаро иқлим дипломатиясидаги иштирокини янги босқичга олиб чиқиш ва яшил иқтисодиётга ўтиш жараёнини жадаллаштириш имкониятидир. Эндиликда асосий вазифа глобал иқлим ташаббусларини миллий иқтисодиётнинг аниқ эҳтиёжлари билан уйғунлаштириш, халқаро келишувларни амалий лойиҳаларга айлантириш ва экологик барқарорликни аҳоли фаровонлиги билан боғлашдан иборат.
Гулноза Бобоева,
ЎзА