Қишлоқ хўжалиги
Бугунги кунда Андижон вилоятида 265 минг гектар суғориладиган ерлар мавжуд. Ана шу ерларни суғориш учун мавжуд 2 минг 683 километр хўжаликлараро ва магистраль каналлардан, шунингдек, 10 минг километр ички хўжалик каналлари, 149 та насос станцияси, 8 мингта коллектор-дренаж тармоғи, 163 та сув ва зах қудуқларидан фойдаланилади.
Вилоятдаги магистраль ва хўжаликлараро каналларнинг 938 километри бетон қопламали, 146 километрига лотоклар ётқизилган, 1 минг 600 километр қисми эса тупроқ ўзанли ҳисобланади.
Суғоришда сувдан оқилона фойдаланиш, тежаш, исрофгарчиликнинг олдини олиш, экин майдонларига сув тежамкор технологиялар жорий этиш бугунги кундаги энг долзарб вазифалардан бири. Ана шундан келиб чиқиб, Андижон вилоятидаги каналлар иш коэффицентини ошириш, сув тармоқларини бетонлаш, экин майдонларига сув тежамкор технологиялар ўрнатиш борасида қатор амалий ишлар олиб борилмоқда.
Вилоят ҳудудида жами 10 минг 552 километр ички суғориш тармоқлари мавжуд. Уларнинг 526 километри лоток, 1 минг 290 километри бетон қопламали, қолгани эса тупроқ қопламали тармоқлардир.
Мавжуд тупроқ қопламали каналлар хатловдан ўтказилиб, уларни бетон қопламага ўтказиш бўйича чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилган. Вилоятнинг 14 та туманида жами 2 минг 200 километр узунликда ички тармоқларни бетонлаштириш ишлари режалаштирилган. Бугунги кунга қадар 166 километр ички тармоқ бетонлаштирилди.
– Бундан ташқари, жорий йилда вилоятда жами 37,3 километр узунликда хўжаликлараро каналларни реконструкция қилиш ва бетонлаштириш ишлари режалаштирилган, – дейди “Норин-Қорадарё” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Шуҳратжон Эргашев. – Жумладан, Марҳамат, Балиқчи, Андижон, Асака, Избоскан, Улуғнор ва Пахтаобод туманларига сув берувчи “Туямўйин”, “Миян”, “Чинободсой”, “Қадим-2”, “Қатортол”, “Пахтаобод” каналини бетонлаш ишлари доирасида жами 15,5 километр узунликдаги каналлар реконструкция қилинди, 21,8 километр узунликдаги каналлар бетон қилинди.
Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилган “Фарғона водийсида сув ресурсларини бошқариш. II босқич” лойиҳаси доирасида Кўрғонтепа, Жалақудуқ, Хўжаобод туманларидан оқиб ўтувчи Қуюқмозор, Робдон, Дилкушод, Оқбурасой, Янги канал, Саваймаш, Шаҳрихонсой каналларида ҳам бетонлаш, қирғоқ қисмларини мустаҳкамлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Мазкур лойиҳа менежери Азизбек Аҳмедовнинг таъкидлашича, лойиҳа доирасида 49 километр узунликдаги сув тармоқларини бетонлаштириш кўзда тутилган бўлиб, ҳозирга қадар 36 километр қисми бетонлаштирилган.
– Жамиятимиз томонидан мазкур лойиҳа доирасида сел сувидан ҳимоялаш, сел келтирадиган хавфни камайтириш, турли сув тошқинларининг олдини олиш мақсадида узунлиги 13 километр бўлган Оқбўрасой сойининг қирғоқ қисмларини мустаҳкамлаш ишлари олиб борилмоқда, – дейди “To’palang HPD Holding” масъулияти чекланган жамияти муҳандиси Абдуғани Бўронов. – Белгиланган ишлар доирасида 200 минг куб-метр тупроқ, 198 минг куб-метр тош ишларини бажариш кўзда тутилган. Ҳозир ишлар режа асосида давом этмоқда, 15 минг куб-метр тупроқ, 10 минг куб-метр тош ишлари бажарилиб, сойнинг 3 километр қисми қирғоқлари мустаҳкамланди.
Қарийб 23 миллиард сўмга тенг ишлар бажарилиши белгиланган мазкур объектда 10 дан ортиқ экскаватор ва махсус техника воситаси, 20 дан ортиқ юк ташувчи машина, 10 нафардан ортиқ муҳандис ва мутахассис иш олиб бормоқда.
Вилоятда сув тежовчи технологияларни жорий этиш, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги
“Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш бўйича ҳам муайян ишлар олиб борилмоқда.
Жорий йилда жами 30,6 минг гектар экин майдонларида сув тежовчи технологиялар жорий қилинади. Жумладан, 5,8 минг гектарда томчилатиб, 2,6 минг гектарда ёмғирлатиб, 2,0 минг гектарда дискрет, 11,2 минг гектарда бошқа турдаги сув тежовчи технологиялар жорий қилиниб, 9 минг гектар қишлоқ хўжалиги экин майдонлари лазер ускунаси ёрдамида текисланади.
Шунингдек, пахта майдонларида томчилатиб суғориш ҳамда сув тежовчи технологияларни жорий этиш мақсадида 385 та фермер хўжалиги томонидан 8 минг 54 гектар майдонга “Suvkredit” платформасига аризалар топширилди. АТБ “Агробанк” туман филиаллари томонидан 353 та фермер хўжалигининг 9 минг 555 гектар майдонига сув тежовчи технологияларни жорий этиш учун 140 миллиард сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилди.
Кластер ва фермер хўжаликлари томонидан онлайн тарзида “Suvkredit” платформасига аризалар топширилмоқда. Ҳозир фермер хўжаликларининг 5 минг 62 гектар майдонида қурилиш ишлари олиб борилиб, 2 минг 20 гектар майдонда қурилиш-монтаж ишлари якунланиб, сув тежовчи технологиялар орқали суғориш ишлари амалга оширилмоқда.
– Хўжалигимизга қарашли 21 гектар майдондаги экинлар ёмғирлатиб суғориш технологияси асосида суғорилади, - дейди Хўжаобод туманидаги “Уста Раҳмон” фермер хўжалиги иш юритувчиси Рустамжон Миркомилов. – Суғоришнинг ушбу технологияси одатий суғоришга нисбатан қатор афзалликларга эга.
Суғориш нафақат ёмғирлатиб, балки бошқа сув тежамкор усуллар орқали ташкил этилганда, турли кимёвий ва минерал ўғитларни сув орқали бериш имконияти яратилади. Қолаверса, бу орқали сув, меҳнат сарфи ва бошқа харажатлар камайди, ҳосилдорлик эса ортади. Масалан, экинлар ёмғирлатиб суғорилганда сув сарфи 30 фоизгача, меҳнат сарфи 35 фоизгача, агротехник тадбирлар учун ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари сарфи 35 фоизгача камаяди, ҳосилдорлик 28 фоизгача ортади.
[gallery-17619]
Хўжаобод тумани сув етказиб бериш хизмати давлат муассасаси директори Мирзаодил Ҳасановнинг маълум қилишича, туманда сув тежамкор технологияларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугунги кунда тумандаги “Файз-М” кластер корхонаси, “Навигул” қўшма корхонаси ҳамда фермер хўжаликлари томонидан 1 минг 680 гектар майдонда ана шундай технологиялар жорий этилган.
Умуман, Андижон вилоятида суғоришга сув тежамкор технологияларни жорий этишга қаратилган юқоридаги каби ишлар режа асосида олиб борилмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад сувдан самарали фойдаланиш, сувни тежаш ва исроф бўлишининг олдини олишдир.
<iframe width="971" height="546" src="https://www.youtube.com/embed/ajsblfZDgqg" title="Suvni tejash – yutuqlar omili" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари