Сурхондарёда ўқувчилар стартап яратишга ўргатилмоқда
Сурхондарё вилоятидаги ўрта махсус ва касбий таълим ташкилотлари ҳамда умумтаълим мактабларининг 9-11 синф ўқувчилари учун ҳар ойда икки марта стартап ғояларни яратишга ўргатадиган “Моҳирлик ва бизнес соати” тадбирлари ташкил этилмоқда.
Президентимизнинг шу йил 11 февралдаги “Стартапларни қўллаб-қувватлашнинг комплекс экотизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуруламал бўлмоқда.
Мазкур ҳужжат ижроси доирасида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги қўшма қарор қабул қилган. Унда “Моҳирлик ва бизнес соати” тадбирларида техникум ва мактаб ўқувчиларини стартап ғоялар яратишга, тадбиркорлик ва бизнес кўникмаларига ўргатишга кўмаклашиб, уларнинг амалий ташаббусларини қўллаб-қувватлашнинг аниқ чора-тадбирлари белгилаб берилган.
Қўшма қарорда янги ўқув йилида машғулотлар ва моҳирлик соатлари ўтиладиган таълим муассасалари ҳам белгиланиб, намунавий мавзулар тавсия этилгани тадбирлар самарадорлигини янада оширишга хизмат қилмоқда.

Айни пайтда Сурхондарё вилоятининг Олтинсой ва Термиз инновацион туманларидаги Олтинсой тумани 1-сон техникум ва 4, 9, 48 умумий ўрта таълим мактаблари, шунингдек, Термиз туманидаги Сурхондарё илғор маҳорат техникуми ва 3, 34, 14 умумий ўрта таълим мактабларида ўқув машғулотлари олиб борилмоқда.
Машғулотларда танлаб олинган таълим муассасаларининг 9-11 синф ўқувчилари ҳамда техникум ёшлари тизимли, тўлақонли жалб этилиб, ҳар ойда икки марта машғулот ўтказилаётир. Ўқув машғулотларига малакали ментор ва мураббийлар жалб этилган.
“Моҳирлик ва бизнес соати” орқали ўқувчиларга ўз ғояларини синаб кўриш, кундалик ҳаётдаги муаммоларга ечим излаш ва тадбиркорлик фаолияти ҳақида дастлабки билимларни олиш имконияти яратилмоқда.

2026-2027 ўқув йили учун мўлжалланган дастур асосида ўқувчиларда янги иқтисодий фикрлашни шакллантириб, ўз бизнес лойиҳаларини бошлаш учун зарур билим бериш, “Энг яхши стартап ғояси” танлови орқали ёшларнинг инновацион ғояларини юзага чиқариб, уларни муносиб рағбатлантириш, яратилган лойиҳаларни ота-оналар, бизнес вакиллари ва илмий жамоатчиликка мунтазам тақдим этиб бориш ҳам режалаштирилган.
Машғулотлар сўнгида таълим муассасалари ўқувчиларининг эгаллаган билим ва кўникмалари асосида ўзлари шакллантирган стартап лойиҳалар тақдимоти ўтказилиб, уларни ўрганиб чиқиш, истиқболли лойиҳаларни молиялаштириш ва амалга ошириш юзасидан маҳаллий инвесторларни жалб этиш кўзда тутилган.

Вилоятдаги Термиз ва Олтинсой инновацион туманларининг чекка ҳудудларидаги таълим муассасаларида ҳам олиб борилаётган ўқув машғулотлари янгиликка интилувчан, яратувчанлик шашти билан изланаётган ёшларнинг инновацион фаолият ҳамда стартапларни амалга ошириш имкониятидан самарали фойдаланиш учун зарур билим ва кўникмаларни эгаллашда муҳим аҳамият касб этади.
Камол Абдуллаев,
Инновацион ривожланиш агентлиги
Сурхондарё вилояти инновацион ривожланиш бўлинмаси раҳбари.
ЎзА