Жарқўрғон туманидаги 36-мактабда Сурхондарё вилоятининг умумий ўрта таълим мактабларини 2024-2025 ўқув йилига тайёрлашга бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов бошқариб борган видеоконференцалоқа шаклидаги семинарда воҳадаги таълим соҳаси мутасаддилари, бошқарма бошлиқлари, шаҳар ва туманлар студияларидан сектор раҳбарлари, масъуллар ҳамда мактаб директорлари иштирок этди.
Семинарда вилоят раҳбари мактабларни янги ўқув йилига сифатли тайёрлаш, таълим сифатини тубдан ошириш масалаларини атрофлича муҳокама этиб, ўқитувчиларни ҳар қандай вазиятда ҳам ўз вазифасига кирмайдиган ишларга жалб этмаслик юзасидан таклиф ва тавсияларини билдирди. Мактабларни янги ўқув йилига тайёрлаш маҳаллий ҳокимликлар ва мутасадди ташкилотларнинг бевосита вазифаси экани қайд этилди.
Вилоятда икки йилдан буён умумтаълим мактабларини янги ўқув йили учун ҳозирлашга ўта муҳим масала сифатида қаралмоқда. Бунинг учун мактабларга етарли маблағ ажратилиб, таълим даргоҳлари зарур қурилиш материаллари билан таъминланаётир. Жумладан, ўтган йили вилоятдаги таъмирга муҳтож мактабларни янги ўқув йилига тайёрлаш учун 11 миллиард 195 миллион сўм маблағ ажратилиб, етти турдаги қурилиш материаллари билан таъминланган эди.
Бу йил ўрганишлар натижасига кўра, жорий таъмирга муҳтож ва маблағ талаб этиладиган 862 та мактаб учун маҳаллий бюджетдан 6 миллиард 517 миллион сўм маблағ ажратилиб, беш турдаги қурилиш материали харид қилинди.
Семинар якунида ҳудудлардаги таъмирланиши режалаштирилган мактаблар директорларига талаб этиладиган қурилиш материаллари топширилиб, мутасаддиларга таъмирлаш ишларини қисқа муддатда сифатли якунлаш вазифаси юкланди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири