Nvidia чипи Хитойга ўтказилгани ҳақидаги даъво юзасидан ички текширув бошланди
Сингапурда жойлашган "Megasped" ҳавойи хизмат провайдери "Nvidia" компаниясининг илғор сунъий интеллект чиплари АҚШ томонидан жорий қилинган экспорт чекловига қарамай, Хитойга етказиб берилгани ҳақидаги даъво юзасидан ички текширув бошлаганини эълон қилди.
“Анадолу” ёзишича, баёнотда корхонанинг тижорий фаолияти, таъминот занжири ва глобал амалиёти ҳақида ишончли далилга асосланмаган даъво акс этган хабарлар тарқалгани айтилган. Компания "қонуний бизнес фаолиятини амалга ошираётгани" таъкидланиб, кенг қамровли ички текширув ўтказиш учун ташқи юридик маслаҳатчилар ёллангани қайд этилган.
“Nvidia”нинг Жануби-шарқий Осиёдаги энг йирик харидори ҳисобланган “Megasped” Малайзия, Индонезия ва Таиланддаги маълумот марказлари орқали Чин компанияларига шундай чипларга яширинча кириш имконини беришда гумон қилиняпти.
Қўшма Штатлар “Nvidia” илғор чипларини Хитойга сотишни тақиқлаган бўлса-да, Сингапурда ушбу чипларни чет эл компанияларига ўтказишни тақиқловчи қоида йўқ.
А.Маматов, ЎзА