Сумо бўйича халқаро турнир Ўзбекистонда!
Япониянинг қадимий сумо спорти Ўзбекистонда қисқа вақт ичида улкан ютуқларга эришмоқда. Яқин кунларда ўтказиладиган халқаро мусобақа мамлакатнинг бу соҳадаги салоҳиятини янада оширишга хизмат қилади.
Сумо – Япониянинг миллий қадрияти бўлиб, икки курашчининг юмалоқ майдонда куч синашишига асосланган қадимий жанг санъатидир. Бу спорт тури ҳалоллиги, жозибадорлиги, томошабоплиги, кенг мухлислар аудиторияси ва жароҳатларнинг камлиги билан бошқалардан ажралиб туради. Мамлакатимизда ушбу спорт турини оммалаштириш, халқаро майдонларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қиладиган маҳоратли спортчиларни тайёрлаш мақсадида 2023 йил 12-октябрда Ўзбекистон Сумо федерацияси расман ташкил этилди. Қисқа вақт ичида ўзбек сумочилари Польша, Россия, Япония, АҚШ, Таиланд, Қирғизистон каби давлатларда ўтказилган нуфузли халқаро мусобақаларда муваффақиятли иштирок этиб, жами 30 та медални қўлга киритди.
2026 йил 8-октябрь куни Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети спорт мажмуасида сумо бўйича катталар ўртасида халқаро очиқ мусобақа бўлиб ўтади. Унда Россия Федерацияси, шунингдек, Тожикистон ва Қирғизистон Республикалари терма жамоалари аъзолари иштирок этиши кутилмоқда.
Албатта, бу каби тадбирлар Ўзбекистонда сумо спортининг кенг оммалашуви ва янги, маҳоратли спортчилар етишиб чиқишига муҳим туртки бўлади.
Санжар Тошпўлатов, ЎзА