SQBнинг халқаро капитал бозори ва хавфсиз ривожланишга қаратилган янги қадами
Активлар 104 триллион сўмга етди, депозитлар 2,7 бараварга ўсди, бироқ фойда динамикасида тебранишлар бор.
Молия бозорида бу кўрсаткичлар турлича талқин қилинмоқда. Ўзи аслида бугун йирик банклар қандай стратегик бурилишни бошдан кечирмоқда? Ўзсаноатқурилишбанкининг Стратегик ривожлантириш департаменти директори Дилшод Калонов буларнинг барчасига очиқ ва мантиқий жавоб берди.

– Дилшод ака, охирги пайтларда молия бозорлари ва таҳлилчиларнинг диққат марказида банкларнинг чораклик фойда динамикаси турибди. SQB мисолида кўрсаткичларда тебранишлар сезилаётгани турлича талқин қилинмоқда. Аслида бу рақамлар ортида қандай жараёнлар ётибди?
– Тўғри таъкидладингиз, молиявий бозорлар ҳар доим рақамларга эътибор қаратади. Бироқ, ҳар қандай банк фаолиятига баҳо беришда фақатгина жорий даврнинг соф фойда ҳажмига қараб қолмаслик керак, балки чуқур кетаётган институционал ўзгаришларга эътибор қаратиш лозим. Бугун SQB шунчаки жорий даромад ортидан қувиш давридан ўтиб, сифат жиҳатидан мутлақо янги босқичга – барқарор ва хавфсиз ўсиш моделига ўтмоқда. Рақамларга мурожаат қилсак: сўнгги уч йилда банкимиз активлари 1,4 бараварга, капитали 1,5 бараварга, депозит базаси эса 2,7 бараварга ўсди. 2026 йилнинг 9 ойи якунига кўра активларимиз 104 трлн.сўмга, капиталимиз 13 трлн. сўмга, умумий даромадларимиз эса 51,7 фоизга ошиб, 20 трлн. сўмга етди. Соф фойдадаги вақтинча тебранишлар эса асосан портфелни янада соғломлаштириш ва келажак учун мустаҳкам захиралар яратиш жараёни билан боғлиқ.

– Айтиб ўтганингиздек, хатарларни бошқариш ва захиралар масаласи ҳозирги кунда ҳар қандай йирик банк учун устувор вазифа. Бу борада қандай консерватив ёндашувлар қўлланилмоқда?
– Биз бугун эртанги кун хатарларини олдиндан кўра билиш ва уларга тайёр туриш тамойилига амал қилмоқдамиз. Шунинг учун ҳам кредит портфелининг эҳтимолий йўқотишларга қарши захиралар билан қопланиш даражасини йил бошидаги 4,5 фоиздан 5,4 фоизга оширдик. Бу – атайлаб танланган профилактик ва эҳтиёткорона ёндашув. Шунингдек, муаммоли активлар билан тизимли ишлаш учун махсус ташкил этилган “SQB Asset Invest” шўъба корхонамиз ҳам балансни тоза сақлашда муҳим восита бўлиб хизмат қилмоқда.
– Ресурс базасидаги ўзгаришлар ва кредитларнинг депозитларга нисбати (LDR) бўйича ҳам ижобий ўзгаришлар борлигини таъкидладингиз. Бу молиявий барқарорликка қандай таъсир қилади?
– Албатта, бу энг асосий кўрсаткичлардан бири. Илгарилари қимматбаҳо ташқи ресурсларга кўпроқ боғлиқлик бўлган бўлса, бугунга келиб мустақил депозит базамизнинг кескин кенгайиши эвазига “LDR” кўрсаткичимиз 414 фоиздан 158 фоизга яхшиланди. Депозитлар ҳажми 37,6 трлн. сўмга етгани банкимизнинг ички ресурслар ҳисобидан барқарор ва арзонроқ молиялаштириш моделига ўтганидан далолат беради.
– Молиявий кўрсаткичлардан ташқари, банкда халқаро стандартларни жорий этиш ва корпоратив бошқарув йўналишида ҳам катта ишлар қилинмоқда. Булар бўйича нималарни айтиб ўта оласиз?
– Институционал мустаҳкамлик молиявий муваффақиятнинг пойдеворидир. Биз Халқаро молия корпорацияси (IFC) ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорликда риск-менежмент, ғазначилик, корпоратив бошқарув каби 20 дан ортиқ йўналишда илғор халқаро амалиётларни татбиқ этдик. Мисол учун, бугунги кунда Банк Кузатув кенгашининг 11 нафар аъзосидан 8 нафари (қарийб 73 фоизи) мустақил аъзолардан иборат. Бу бошқарувимизнинг очиқлигини ва шаффофлигини таъминлайди. Қолаверса, коррупцияга қарши курашиш бўйича ISO 37001:2016 халқаро стандартининг жорий этилгани ички муҳитимиз қанчалик қатъий талаблар асосида қурилганини кўрсатади.
– Халқаро капитал бозорлари ва келгусидаги режаларга тўхталсангиз. SQB ўзининг кейинги ривожланиш босқичини қандай тасаввур қилмоқда?
– Биз очиқ бозор воситаларидан фаол фойдаланиб келмоқдамиз. Хусусан, 2025 йилда халқаро бозорда 300 млн. АҚШ доллари миқдоридаги АТ1 инструментларини муваффақиятли жойлаштирганимиз халқаро инвесторларнинг ишончини кўрсатди. Октябрь ойида маҳаллий биржада акцияларимиз нархи 50 сўмгача кўтарилгани ҳам бозор иштирокчиларининг узоқ муддатли кутилмаларига таянади. Ҳозирги кунда биз нуфузли халқаро консалтинг компанияси “Alvarez & Marsal” билан биргаликда 2027–2029 йилларга мўлжалланган янги Ривожланиш стратегиясини ишлаб чиқиш жараёнидамиз. Асосий мақсадимиз – тезкор ва вақтинчалик фойда кетидан қувиш эмас, балки банкнинг капитал сифатини янада ошириш, мижозларга энг илғор рақамли хизматларни тақдим этиш ва узоқ муддатли рақобатбардошликни таъминлашдир.
ЎзА мухбири
Зуҳра МИРЗАБОЕВА суҳбатлашди.
Реклама ҳуқуқи асосида