Ўзбекистонда давлат қарзини бошқариш қандай амалга оширилмоқда?
Бугунги кунда давлат қарзини самарали бошқариш мамлакат молиявий барқарорлигини таъминлашнинг муҳим шартларидан бирига айланмоқда. Бу жараён фақат қарз маблағларини жалб қилиш билан чекланмай, балки уларнинг қиймати ва муддатини мақбуллаштириш, валюта ва қайта молиялаштириш хатарларини камайтириш, қарз портфелини диверсификация қилиш ҳамда инвесторлар ишончини мустаҳкамлашни ҳам назарда тутади.
Ўзбекистонда сўнгги йилларда ушбу йўналишда тизимли ёндашув шакллантирилди. Халқаро ва ички қарз бозорларидан фойдаланишнинг янги механизмлари жорий этилди, миллий валютадаги давлат қимматли қоғозлари бозори кенгайтирилди, давлат қарзи бўйича очиқлик ва ҳисобдорлик кучайтирилди. Бу жараёнларнинг муҳим натижаларидан бири мамлакатнинг суверен кредит рейтинги изчил яхшиланиб бораётганида ҳам намоён бўлмоқда.
Суверен рейтинг – инвестор ишончининг муҳим кўрсаткичи
Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтинги биринчи марта 2018 йил декабрь ойида халқаро рейтинг агентликлари - S&P ва Fitch томонидан “BB-“, барқарор кутилма билан баҳоланган эди. Кейинги йилларда мамлакат иқтисодиётида амалга оширилган ислоҳотлар ва макроиқтисодий барқарорликни таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар натижасида рейтинг бир неча бор яхшиланди.
–Жумладан, S&P агентлиги 2025 йил 23 майда Ўзбекистон рейтингини “BB-, ижобий кутилма”га, 21 ноябрда эса “BB, барқарор кутилма”га ўзгартирди. Fitch 2025 йил 26 июнда рейтингни “BB, барқарор кутилма”га, 2026 йил 3 июнда эса “BB, ижобий кутилма”га кўтарди. Moody’s эса 2025 йил 13 июнда “Ba3, ижобий кутилма”ни берган бўлса, 2026 йил 25 июнда мамлакат рейтингини бир поғона юқорига, “Ba2, барқарор” кутилма даражасига оширди.
Шу тарзда, сўнгги бир йилда Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтинги олти марта яхшиланди. Бунинг амалий самараси ҳам бор, яъни янги қарз маблағларини жалб қилиш қиймати Ўзбекистон учун ўртача 1,5 фоизга, мамлакат банклари ва корхоналари учун эса 1,9 фоизга пасайди.
Демак, рейтингнинг ўсиши фақат халқаро баҳонинг ўзгариши эмас. У инвесторларнинг мамлакат иқтисодиёти, молиявий сиёсати ва қарз мажбуриятларини бажариш қобилиятига бўлган ишончини ифодалайди, – деди Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бошқарма бошлиғи Дилноза Лутфуллаева.
Халқаро облигациялар - молиялаштириш манбаларини диверсификация қилиш воситаси
Давлат қарзини бошқаришдаги муҳим йўналишлардан бири молиялаштириш манбаларини диверсификация қилишдир. Ўзбекистон 2019 йилда биринчи марта халқаро суверен облигацияларини чиқариб, 1 миллиард доллар маблағ жалб қилди.
2019-2026 йилларда эса жами 7 марта, 15 та траншда умумий қиймати 7,6 миллиард доллар эквивалентидаги суверен облигациялар жойлаштирилди. Улар АҚШ доллари, евро ва ўзбек сўмида, шунингдек, Барқарор ривожланиш мақсадлари ҳамда “яшил” облигациялар шаклида чиқарилди.
Бундай инструментларнинг аҳамияти шундаки, улар нафақат давлат бюджети учун қўшимча молиялаштириш манбасини яратади, балки Ўзбекистоннинг халқаро капитал бозоридаги мавқеини мустаҳкамлайди. Шу билан бирга, суверен облигациялар мамлакат банклари ва компаниялари учун ҳам ўзига хос бенчмарк вазифасини бажаради. 2019-2026 йилларда маҳаллий банк ва компаниялар томонидан чиқарилган халқаро облигациялар ҳажми 8,3 миллиард долларга етди.
2026 йил 1 апрелда ҳам 1 миллиард доллар эквивалентида, яъни 12,2 триллион сўмлик, уч йиллик суверен халқаро облигациялар жойлаштирилди. Ушбу транзакция мамлакатнинг халқаро инвесторлар базасини кенгайтириш ва миллий валютадаги қарз инструментларига қизиқишни ошириш нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга.
Мутахассислар қайд этганидек, халқаро капитал бозорига чиқиш ташқи қарз шартларини бозор тамойиллари асосида шакллантириш имкониятларини ҳам кенгайтиради. Бу, ўз навбатида, давлат қарзини бошқаришда маблағ жалб қилиш қиймати билан боғлиқ хатарлар ўртасидаги мақбул мувозанатни таъминлашга хизмат қилади.
Ички бозорни ривожлантириш - валюта хатарларини камайтириш омили
Давлат қарзини бошқаришнинг яна бир муҳим йўналиши миллий валютадаги қарз инструментлари улушини оширишдир. Бу, аввало, ташқи валюта курсларининг ўзгариши билан боғлиқ хатарларни камайтириш имконини беради.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Молия бозорлари билан ишлаш бўлими бошлиғи Ҳумоюн Зулфиқоровнинг таъкидлашича, шу мақсадда Ўзбекистонда давлат ғазначилик облигациялари бозори изчил ривожлантирилмоқда.
–2026 йил 1 январь ҳолатига кўра, муомаладаги давлат ғазначилик облигациялари ҳажми 49,9 триллион сўмни ташкил этди. 2018 йилда бу кўрсаткич атиги 597 миллиард сўм эди.
Миллий валютадаги суверен халқаро облигацияларнинг Лондон фонд биржасида жойлаштирилиши ҳам ички молия бозорининг ривожланишига таъсир кўрсатмоқда. Уларнинг умумий ҳажми 29,9 триллион сўмни ташкил этди.
Бозордаги ижобий ўзгаришлар облигациялар даромадлилигида ҳам кўринмоқда. Бир йиллик давлат ғазначилик облигацияларининг ўртача тортилган даромадлилиги 2024 йилдаги 16,3 фоиздан 2026 йил биринчи ярмида 12 фоизга тушди. Уч йиллик облигациялар бўйича эса ушбу кўрсаткич 17,3 фоиздан 12,6 фоизга пасайди.
Бу ҳолат ички қарз бозорида инвесторлар учун янада барқарор ва тушунарли шароит шаклланаётганини кўрсатади, –деди Ҳ.Зулфиқоров.
Қарз муддатини узайтириш - қайта молиялаштириш хатарини пасайтириш
Давлат қарзини бошқаришда қарз маблағларини қанча миқдорда жалб қилиш билан бир қаторда, уларни қайси муддатга олиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Қисқа муддатли қарзларнинг юқори улуши давлатнинг яқин йилларда катта ҳажмдаги тўловларни амалга оширишини талаб қилади.
Шу боис сўнгги йилларда ўрта ва узоқ муддатли давлат облигацияларини чиқаришга устувор аҳамият берилмоқда. 2020-2025 йилларда ўрта муддатли ғазначилик облигацияларининг умумий эмиссиядаги улуши 10 фоиздан 67 фоизга етказилди.
Натижада давлат ғазначилик облигацияларининг ўртача муддати 2023 йилдаги 0,8 йилдан 2025 йилда 2,4 йилга узайди. 2025 йилда муомаладаги уч йил ва ундан ортиқ муддатли облигацияларнинг ички иккиламчи бозордаги улуши 63 фоизни ташкил этди.
Халқаро валюта жамғармаси ҳам Ўзбекистоннинг ички давлат қарзи муддатлари узайиб бораётганини қайд этган. Ташкилотнинг 2026 йилги қарз барқарорлиги таҳлилига кўра, 2025 йил якунига келиб ички давлат қарзининг 90,5 фоизи бир йил ва ундан ортиқ муддатли инструментлардан иборат бўлган.
Бу ўзгаришлар давлат қарзини қайта молиялаштириш босимини камайтириш ва қарз портфелини янада барқарор шакллантиришга хизмат қилади.
Инвесторлар доираси кенгаймоқда
Ички давлат қимматли қоғозлари бозорининг барқарор ривожланиши учун фақат облигациялар ҳажмини оширишнинг ўзи етарли эмас. Бунда инвесторлар доирасини кенгайтириш, иккиламчи бозор ликвидлигини ошириш ва бозор иштирокчилари учун ахборот очиқлигини таъминлаш ҳам муҳим.
Шу мақсадда бирламчи дилерлар институти жорий этилди. Унинг асосий вазифаси давлат қимматли қоғозларига барқарор талабни шакллантириш, иккиламчи бозор фаоллигини ошириш ва бозор ликвидлигини таъминлашдан иборат.
Хорижий инвесторларнинг ички давлат қарзи бозоридаги иштироки ҳам ортиб бормоқда. 2026 йил биринчи ярмида хорижий инвесторларнинг давлат ғазначилик облигацияларидаги маблағи 4,7 триллион сўмга етди. 2025 йилда бу кўрсаткич 1,9 триллион сўмни ташкил этган эди.
Норезидентлар учун миллий молия бозорига кириш имкониятларини кенгайтириш мақсадида “Raiffeisen Bank International” томонидан кастодианлик хизмати йўлга қўйилгани ҳам муҳим қадам бўлди.
Шу билан бирга, давлат қимматли қоғозлари бўйича аукционлар, ҳисоб-китоб муддатлари, фоиз тўловлари ва бозор операциялари ҳақидаги маълумотларни мунтазам эълон қилиш орқали бозор шаффофлиги оширилмоқда.
Қарз барқарорлиги ҳуқуқий кафолатлар билан мустаҳкамланмоқда
Давлат қарзини самарали бошқаришнинг энг муҳим жиҳатларидан бири қарз миқдори устидан аниқ чекловлар ва назорат механизмларининг мавжудлигидир.
Ўзбекистонда 2020 йилдан бошлаб давлат бюджети тўғрисидаги қонунларда янги ташқи давлат қарзини жалб қилиш бўйича йиллик лимитлар белгиланиб келинмоқда. 2021 йилдан бу амалиёт ички қарзга нисбатан ҳам татбиқ этилди.
– 2023 йил 29 апрелда қабул қилинган “Давлат қарзи тўғрисида”ги қонун билан давлат қарзининг ялпи ички маҳсулотга нисбатан энг юқори чегараси 60 фоиз этиб белгиланди. Агар қарз 50 фоизга етса, уни камайтириш бўйича чора-тадбирлар кўрилиши ҳам қонун билан белгилаб қўйилган. Бу нормалар давлат қарзини бошқаришда бозор механизмлари билан бир қаторда аниқ ҳуқуқий қоидаларга таяниш имконини беради.
Айни пайтда давлат қарзига оид маълумотларни халқаро методологиялар асосида шакллантириш ва мунтазам эълон қилиш амалиёти ҳам йўлга қўйилган. 2026-2028 йилларга мўлжалланган давлат қарзини бошқариш стратегияси тасдиқланиб, жамоатчиликка тақдим этилди. Унда қарз портфелини диверсификация қилиш, инвесторлар базасини кенгайтириш, миллий валютадаги бозорни ривожлантириш, валюта хатарларини самарали бошқариш ва қарз муддатларини узайтириш каби муҳим вазифалар белгиланган, – деди Д.Лутфуллаева.
Халқаро валюта жамғармасининг 2026 йилги баҳосида ҳам Ўзбекистоннинг ташқи ва умумий давлат қарзи бўйича хавф даражаси “паст” деб баҳоланган. Ташкилот давлат қарзи барқарорлигини таъминлашда узоқ муддатли ва имтиёзли шартлардаги қарзларнинг юқори улуши ҳамда ички қарз муддатларининг узайтирилаётганини ижобий омиллар сифатида қайд этган.
Барқарор қарз сиёсати – узоқ муддатли мақсад
Ўзбекистонда давлат қарзини бошқариш тизими энди фақат ташқи маблағ жалб қилиш ҳажми билан эмас, балки қарзнинг қиймати, муддати, валютаси, инвесторлар таркиби ва эҳтимолий хатарларни биргаликда ҳисобга олиш тамойили асосида шаклланмоқда.
Халқаро капитал бозоридаги фаоллик, миллий валютадаги давлат қимматли қоғозлари бозорининг кенгайиши, қарз муддатларининг узайтирилиши ва хорижий инвесторлар иштирокининг ортиши ушбу ёндашувнинг амалий натижаларидир.
Энг муҳими, давлат қарзини бошқаришда молиявий барқарорлик ва қарз хатарларини назорат қилиш билан бир қаторда, бозор механизмларини ривожлантиришга ҳам эътибор қаратилмоқда. 2026-2028 йилларга мўлжалланган стратегияда ҳам қарз портфелининг ўртача муддатини узайтириш, миллий валютадаги қарз бозорини чуқурлаштириш ва инвесторлар базасини кенгайтириш асосий вазифалардан бири сифатида белгиланган.
Мухтасар айтганда, Ўзбекистонда давлат қарзини бошқаришга ёндашув бугун фақат қанча маблағ жалб қилиш билан эмас, балки уни қандай шартларда ва қандай хатарлар билан жалб этиш билан белгиланмоқда. Асосий мақсад эса иқтисодиёт учун зарур маблағни мақбул қийматда жалб қилиш, қарз билан боғлиқ хатарларни олдиндан баҳолаш ва давлат қарзи юкини узоқ муддатда барқарор даражада сақлашдир.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА