Халқаро капитал – миллий тараққиёт омили: SQB тажрибаси ва натижалари
Жорий йилнинг 12 июнь куни Ўзсаноатқурилишбанк (SQB) Бош офисида «Халқаро капитални жалб қилиш ва миллий иқтисодиётни ривожлантиришда SQB тажрибаси» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Хорижий инвестицияларни жалб этиш, халқаро молия институтлари билан ҳамкорликни кенгайтириш ва капитал бозорини ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Президентимиз шу йил 9 июнь куни навбатдаги Тошкент халқаро инвестиция форумига тайёргарлик жараёни билан танишиш чоғида хорижий инвестиция иқтисодиётни модернизация қилишнинг муҳим омили эканини таъкидлади. Ўзсаноатқурилишбанк ушбу йўналишдаги вазифаларни халқаро молиявий ҳамкорлик ва инвестиция лойиҳалари орқали амалга оширмоқда.
Анжуманда банк раҳбарияти томонидан сўнгги йилларда эришилган натижалар, халқаро молия институтлари билан ҳамкорлик истиқболлари ҳамда жорий йилга мўлжалланган устувор вазифалар ҳақида маълумот берилди.
Қайд этилганидек, банкда амалга оширилган трансформация жараёнлари халқаро молия бозорларидаги позицияларни мустаҳкамлаш, инвестициявий жозибадорликни ошириш ва молиявий барқарорликни таъминлашга хизмат қилди. Бу банкнинг асосий молиявий кўрсаткичларида ҳам ўз аксини топди.
Хусусан, 2025 йилда SQB активлари ҳажми 102 трлн сўм, капитали 12 трлн сўм, депозит базаси 31,5 трлн сўм, шундан аҳоли омонатлари ҳажми 10,5 трлн сўмни ташкил этди. Соф фойда 2025 йил якунига кўра, 1,9 трлн сўм бўлиб, банк мазкур кўрсаткич бўйича тижорат банклари орасида етакчи ўринни эгаллади. Иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик соҳасига 26, 7 трлн сўм миқдорида кредит ажратилиб, 120 мингдан зиёд иш ўрни яратилди.
Халқаро ҳамкорликнинг амалий натижалари
2025 йил давомида халқаро молия институти ва хорижий банклардан жами 932,3 млн долларлик ресурс жалб қилинди. Уларнинг асосий қисми Европа ва Араб давлатлари, АҚШ, Яқин Шарқ ҳамда Буюк Британия улушига тўғри келади. Ўтган йили бешта янги молия ташкилоти билан ҳамкорлик йўлга қўйилиб, улар орқали 160 млн доллар миқдорида маблағлар иқтисодиётга йўналтирилди.
[gallery-29927]
– Банк хорижий етакчи молия институтлари, экспорт-кредит агентликлари ва капитал бозори ресурсларини қамраб олган диверсификацияланган молиялаштириш портфелини шакллантирди, – дейди “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ Бошқаруви раиси ўринбосари Абдурашид Ҳакимов. – Бу узоқ муддатли ва барқарор ресурс базасини яратиш имконини бермоқда. Жалб қилинган маблағлар ҳисобидан корпоратив, ўрта, кичик ва микробизнес сегментларида 1400 га яқин лойиҳалар молиялаштирилди. Мазкур ресурслар юқори қўшилган қиймат яратувчи тармоқлар, экспортбоп ишлаб чиқариш, энергия самарадорлиги ва қайта тикланувчи энергия манбалари, инфратузилма ҳамда хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантиришга йўналтирилмоқда.
Ана шундай йирик лойиҳалар қаторида «Rubicon Wireless Communication» корхонасининг республика бўйлаб 5G Stand Alone алоқа инфратузилмасини ривожлантириш ташаббуси ҳамда «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ учун 200 та катта сиғимли электробус ва қувватлаш ускуналари хариди ўрин олган. Мазкур лойиҳалар мамлакатнинг рақамли ва транспорт инфратузилмасини янги даражага кўтаришга хизмат қилмоқда.
Лондон фонд биржасидаги муваффақият
2024 йил июлида SQB Лондон фонд биржасида 580 млн доллар эквивалентидаги еврооблигацияларни муваффақиятли жойлаштирди. Қимматли қоғозларни жаҳоннинг 69 та йирик фонди ва инвестиция компанияси харид қилди, маблағларнинг 55 фоизи АҚШ инвесторлари ҳиссасига тўғри келди.
2025 йил октябрида эса банк Лондон фонд биржасида 300 млн долларлик биринчи даражали қўшимча капитал – AT1 облигацияларини муомалага чиқарди. Инвесторлар талаби эмиссия ҳажмидан тўрт баробар зиёд бўлди. Ушбу битим «GlobalCapital» нашрининг «Central and Eastern Europe Deal of the Year» мукофоти билан эътироф этилди.
SQBнинг жаҳон молия бозорларидаги фаолияти ва молиявий кўрсаткичлари халқаро рейтинг агентликлари томонидан ҳам ижобий баҳоланмоқда. Хусусан, “Fitch Ratings” банк рейтингини BB- даражасидан BB (барқарор) даражага кўтарди. “Moody’s” агентлиги эса банкнинг Ba3 (ижобий прогноз) рейтингини тасдиқлади.
2026 йил: режа ва истиқбол
Матбуот анжуманида қайд этилганидек, 2026 йилда SQB томонидан 1,2 млрд доллардан зиёд миқдорида хорижий ресурсларни жалб қилиш режалаштирилган. Жорий йилнинг 1 июнь ҳолатига кўра, 313 млн долларлик кредит линиялари бўйича келишувларга эришилди. Ушбу маблағлар ҳисобига 530 дан ортиқ лойиҳалар молиявий қўллаб-қувватланди.
Шу йил май ойида Миллий инвестиция жамғармаси акциялари IPO орқали Лондон ва Тошкент фонд биржасида оммавий савдога чиқарилди. Жамғарма активлари таркибига SQBнинг 40 фоизлик улуши киритилиши эса банкни хусусийлаштиришга тайёрлаш ва унинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга хизмат қилувчи муҳим қадам сифатида баҳоланди.
Анжуманда банк халқаро капитал бозорларидаги иштирокини кенгайтириш, инвесторлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ресурс манбаларини диверсификация қилиш ҳамда иқтисодиётнинг устувор тармоқларини молиялаштириш бўйича ишларни келгусида ҳам фаол давом эттириши таъкидланди.
“Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ
Ташқи алоқаларни мувофиқлаштириш хизмати