Спорт синовларидан ўтган фахрийларга кўкрак нишонлари топширилди
Жиззах вилоятининг Бахмал ва Зомин туманларида жисмоний тайёргарлик бўйича юқори натижаларга эришган фахрий спортчиларга I, II ва III даражали «Жисмоний тайёргарлик даражаси» кўкрак нишонлари топширилди.
Мазкур тадбирлар аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, шунингдек, жисмоний тарбия ва оммавий спортни ривожлантиришга қаратилди.
Маросимларда белгиланган спорт синовларини муваффақиятли топширган фахрий спортчилар тақдирланди. Уларга I, II ва III даражали «Жисмоний тайёргарлик даражаси» кўкрак нишонлари ҳамда эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.


Ушбу нишон Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 15 январдаги “Аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш бўйича спорт синовларини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ таъсис этилган (Манба: Lex.uz). Тақдирлаш жараёнида иштирокчиларнинг спортга қизиқиши, жисмоний фаоллиги ва эришган натижалари алоҳида эътироф этилди.


Бундай ташаббуслар аҳоли ўртасида соғлом турмуш маданиятини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шу билан бирга, фуқароларни мунтазам спорт билан шуғулланишга рағбатлантиради. Бу эса жисмонан фаол ва соғлом жамиятни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА