Ҳар бир аёл ҳурматда ва ҳар бир бола хавфсиз, бахтли яшашга ҳақли
Сурхондарё вилоятида “Хотин-қизларга нисбатан рақамли зўравонликка барҳам бериш учун бирлашайлик” мавзуидаги "16 кунлик фаоллик" акцияси бўлиб ўтмоқда.
25 ноябрь – Хотин-қизларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш халқаро кунидан бошланиб, 10 декабрь – Инсон ҳуқуқлари кунигача ўтказиладиган акция доирасида воҳадаги маҳаллалар, таълим муассасалари ва меҳнат жамоаларида семинар, учрашув ва давра суҳбатлари ўтказилиб, хотин-қизларнинг ҳуқуқий саводхонлиги оширилмоқда. Жабрланганларни қўллаб-қувватлашга қаратилаётган эътибор ва зўравонликка дуч келган хотин-қизларга ҳимоя ордери бериш, психологик ва юридик ёрдам кўрсатиш юзасидан фикр алмашилмоқда. Шунингдек, зўравонликка нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш, аҳолига тазйиқ ва зўравонлик учун белгиланган қонуний жавобгарлик масалалари тушунтирилиб, интернет маконида аёлларга нисбатан кузатиладиган кибербуллинг, таъқиб қилиш, шахсий маълумотлар ва фото-видеоларни рухсатсиз тарқатиш каби рақамли зўравонлик турларининг оқибатлари ҳақида атрофлича маълумот берилаётир.

Термиз шаҳрида ўтказилган тадбирда ҳам шу ҳақда сўз юритилди.

Унда вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси, аёллар ва болаларни реабилитация қилиш маркази мутасаддилари, ҳуқуқ-тартибот органлари масъуллари, хотин-қизлар фаоллари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбирда вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Зулхумор Хидирова ҳамда бошқалар мамлакатимизда тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш, жабрланган шахсларга турли кўмак беришга қаратилаётган эътибор ҳақида атрофлича сўз юритди. Хотин-қизлар ва болаларга нисбатан тазйиқ ҳамда зўравонликнинг олдини олиш, қўллаб-қувватлаш, уларга зарур психологик, ижтимоий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш масалалари муҳокама этилди. Масъул ташкилотлар ҳамкорлигини кучайтириб, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, зўравонлик ҳолатларига нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш муҳимлиги қайд этилди.

– Бу иллатга қарши курашишда зўравонликнинг олдини олиш, оилаларда соғлом муҳитни шакллантириш, жамиятда ҳуқуқий онгни юксалтиришга алоҳида эътибор қаратиш лозим, – дейди аёллар ва болаларни реабилитация қилиш маркази директори А.Бекпўлатова. Шуни унутмаслик керакки, жамиятимизда ҳар бир аёл ҳурматда, ҳар бир бола хавфсиз ва бахтли яшашга ҳақлидир. Зўравонликка қарши курашиш бу шунчаки акция эмас, балки ҳар биримиз учун умуминсоний қадриятга айланган фазилат бўлиши зарур.

Вилоятда акция доирасида ўтказилаётган тадбирлар давом этмоқда.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири