Истеъмолчилар ҳуқуқлари ҳимоя қилинмоқда
Юртимизда истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг мурожаатларига ўз вақтида муносабат билдириш ҳамда мавжуд муаммоларни ижобий ҳал этиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг 1091 ишонч телефони орқали Кармана тумани Қаҳрамон маҳалласида яшовчи А.З. мурожаат қилди.
Фуқаро мурожаатида хонадонига ўрнатилган газ ҳисоблагич ишламай қолганлигини, ушбу муаммони бартараф этиш мақсадида туман газ таъминоти бўлимига бир неча бор мурожаат қилган бўлса-да, мурожаатига эътибор қаратилмаётганини билдирган.
Мазкур мурожаат Кармана тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ходимлари томонидан назоратга олиниб, тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда амалий чоралар кўрилди.
Жамиятнинг аралашуви натижасида фуқаронинг хонадонидаги газ ҳисоблагичга сервис хизмати кўрсатилиб, соз ҳолатга келтириб берилди.

Навбаҳор туманида ҳам истеъмолчи мурожаати ижобий ҳал этилди.
Қизилой маҳалласида яшовчи Д.С. туман марказидаги савдо дўконидан 2 миллион сўмга сотиб олган “Аристон” маиший техникаси носоз чиққанидан норози бўлиб, Навбаҳор туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига ёзма мурожаат қилди.
Мурожаат жамият мутахассислари томонидан тегишли тартибда кўриб чиқилиб, носоз маиший техника учун тўланган пул маблағи тўлиқ қайтариб олиб берилди.
Навбаҳор тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига Оқ олтин МФЙ, Оқ олтин қишлоғи, 141-хонадонда яшовчи фуқаро В.Н томонидан йўлланган мурожаатга ҳам ижобий ечим топилди.

Истеъмолчининг маълум қилишича, ўзини газ таъминоти ходими деб таништирган шахс ундан техник кўрик ўтказиш баҳонасида 171 минг сўм пул ундирган. Бироқ, амалда ҳеч қандай техник кўрик ишлари бажарилмаган.
Мурожаатни ўрганиш давомида пулни ундирган шахс аслида “Energo dight” МЧЖ ходими эканлиги маълум бўлди. Ҳолат юзасидан тегишли ишлар олиб борилиб, ноқонуний равишда ундирилган маблағ тўлиқ қайтарилди.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида ҳар бир мурожаат эътиборда. Фуқаролар ўз ҳуқуқларини билишлари, шубҳали тўловлар ёки ноқонуний пул ундириш ҳолатларига дуч келганда тегишли ташкилотларга мурожаат қилишлари лозим.
А.Бўриев, ЎзА мухбири