Ижтимоий ёрдам: эътибор аниқ манзилга қаратилмоқда
Сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш, камбағалликни қисқартириш ва ҳар бир фуқаро учун муносиб турмуш шароитини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, ижтимоий ҳимоя тизимини тубдан такомиллаштириш, ёрдамга муҳтож оилаларни аниқлашда шаффофлик ва манзиллиликни таъминлаш, ижтимоий хизматларни аҳолига яқинлаштириш борасида янги механизмлар жорий этилмоқда.
Бу жараёнда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар алоҳида аҳамият касб этмоқда. Хусусан, куз-қиш мавсумида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг мавсумий харажатларини енгиллаштириш мақсадида бир марталик моддий ёрдам ҳамда коммунал харажатлар учун компенсация тўловлари амалга оширилмоқда.

– Энг муҳими, мазкур ёрдамлар аҳолининг реал эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда, аниқ мезонлар асосида манзилли тарзда йўналтирилмоқда, – дейди агентликнинг Навоий вилояти бошқармаси Ижтимоий тўловлар шуъбаси мудири Жасурбек Худойназаров. – Жумладан, ижтимоий реестрга киритилган оилалар, шунингдек, реестрга киритилмаган бўлса-да, белгиланган мезонларга мос келадиган, оилавий даромади минимал истеъмол харажатларининг икки баробаридан ошмайдиган ҳамда маҳалла еттилиги хулосаси асосида эҳтиёжманд деб топилган оилалар қўллаб-қувватланмоқда. Шу билан бирга, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ва ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар яшаётган оилаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Навоий вилоятида ҳам ушбу йўналишда изчил ишлар олиб борилмоқда. Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида 10 минг 442 та оилага суюлтирилган газ харажатлари учун компенсация тўловлари амалга оширилди. Шунингдек, 126 та оилага кўмир хариди учун компенсация ажратилди. Бундан ташқари, 16 минг 557 та оиланинг электр энергияси ва табиий газ харажатларининг бир қисмини қоплаш мақсадида компенсация маблағлари тўлаб берилди.
Маҳалла еттилиги орқали эҳтиёжманд оилаларни аниқлаш, уларнинг шароитини ўрганиш ва ёрдамни манзилли етказиш тизими жойлардаги ҳақиқий ҳолатни ҳисобга олиш имконини бермоқда. Энг муҳими, бу саъй-ҳаракатлар инсон манфаатларини таъминлаш, аҳоли фаровонлигини ошириш ва ижтимоий ҳимоя тизимини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири