Сўз қудратини англатган адиб
Адабиёт — инсон қалбига йўл топадиган, тафаккурни чархлайдиган, жамиятни ўзгаришга ундайдиган буюк куч. Чинакам бадиий асар инсонни ҳаёт ҳақида мушоҳада юритишга, атрофидаги воқеа-ҳодисаларга теранроқ назар ташлашга чорлайди. Ўзбек адабиётининг забардаст намояндаси Абдулла Қаҳҳор ижоди ана шу жиҳатлари билан ҳамон ўз аҳамиятини йўқотмаган.
Гулистон давлат педагогика институти Тилларни ўқитиш факультетида бўлиб ўтган «Абдулла Қаҳҳор — ўзбек насрининг устуни» мавзусидаги адабий-маърифий тадбир ҳам адибнинг бой ижодий меросини яна бир бор кашф этиш, унинг асарлари орқали ҳаёт ҳақиқатини англашга қаратилди. Унда филология фанлари доктори, профессор Усмонжон Қосимов, факультет профессор-ўқитувчилари ва талабалар иштирок этишди.

Абдулла Қаҳҳор ўзбек насрига ҳаётни холис кузатиш, инсон руҳиятини нозик ҳис этиш ва борлиқни бадиий ҳақиқат билан акс эттиришнинг ўзига хос мактабини олиб кирган ижодкордир. Унинг асарларини ўқиганда, гўё оддий ҳаётий манзаралар ортида яширинган мураккаб тақдирлар, инсон қалбидаги изтироблар ва жамиятдаги зиддиятлар кўз ўнгимизда гавдаланади. Адиб ортиқча сўзбозликка берилмайди, аммо ҳар бир сўзи, ҳар бир образи орқали ўқувчини ўйлашга, хулоса чиқаришга ундайди. Ёзувчининг маҳорати ҳам шунда — у ҳаётни шунчаки тасвирламайди, балки унинг моҳиятини очиб беради. Қаҳрамонлар тақдири орқали инсон табиатидаги нозик ва мураккаб жиҳатларни кўрсатади, кулги ортига яширинган дардни, оддий воқеалар замиридаги катта ҳақиқатни намоён этади. Шу боис Абдулла Қаҳҳор ҳикоялари орадан қанча вақт ўтмасин, китобхонни бефарқ қолдирмайди.

Тадбирда профессор Усмонжон Қосимов адиб ижодининг ғоявий-бадиий хусусиятлари, инсон руҳияти ва ижтимоий муҳит тасвири, образ яратиш ҳамда сўздан самарали фойдаланиш маҳорати ҳақида атрофлича сўз юритди. Айниқса, ёзувчининг қисқа ифода орқали кенг маъно бериш, ҳаётий воқеаларни бадиий умумлаштириш ва ўқувчи қалбига таъсир ўтказиш қобилиятига эътибор қаратилди.
Абдулла Қаҳҳорнинг «Адабиёт атомдан кучли, лекин унинг кучини ўтин ёришга сарф қилиш керак эмас» деган машҳур ҳикмати бежиз айтилмаган. Зеро, сўзнинг қудрати унинг баландпарвозлигида эмас, инсон қалбига қанчалик чуқур кириб бориши, тафаккурни нечоғлик уйғотиши ва маънавий ўзгаришларга туртки бериши билан белгиланади. Адабиёт инсонни эзгуликка чорласа, унинг қалбида адолат туйғусини мустаҳкамласа, демак, у ўзининг энг юксак вазифасини бажарган бўлади.

— Адабиётнинг қудрати инсон қалбига йўл топиш, уни фикрлашга ундаш, эзгулик ва адолат туйғуларини мустаҳкамлашда намоён бўлади. Абдулла Қаҳҳор ижоди сўзнинг ана шу таъсирчан кучини, ҳаёт ҳақиқатини бадиий маҳорат билан ифодалаш қанчалик муҳимлигини кўрсатувчи ёрқин мисолдир, — деди профессор Усмонжон Қосимов.
Бугунги ахборот оқими шиддат билан кенгайиб, ёшлар эътибори учун турли манбалар рақобатлашаётган бир пайтда китобхонлик маданиятини юксалтириш, миллий адабиётимиз дурдоналарини чуқур ўрганиш янада муҳим аҳамият касб этмоқда. Чунки китоб мутолааси нафақат билим беради, балки инсонни мушоҳадага, воқеаларга танқидий назар билан қарашга, ўз фикрини мустақил шакллантиришга ўргатади. Абдулла Қаҳҳор асарлари эса бу борада ўзига хос ҳаёт мактабидир.

Институтда ташкил этилган учрашув ҳам талабаларни адиб ижодини янгича нигоҳ билан ўрганишга, асарларнинг бадиий қатламларини англашга ва улардан ҳаётий сабоқлар чиқаришга ундади. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиб, миллий адабиётимизнинг бой мероси ҳақидаги тасаввурларини янада бойитдилар.

Зеро, ҳақиқий адабиётнинг умри уни яратган давр билан чекланмайди. У авлодлар билан бирга яшайди, ҳар бир янги китобхон қалбида янгидан маъно касб этади. Абдулла Қаҳҳор ижодининг бугун ҳам қадрли экани, аввало, сўз санъатининг инсон ва жамият ҳаётидаги беқиёс кучидан далолатдир.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири