Соҳил волейболи: Қаршида Ўзбекистон чемпионлари аниқланмоқда
Шу кунларда Қарши шаҳридаги Халқаро инновация университети спорт майдонларида волейбол бўйича ўғил ва қиз болалар ўртасида турли ёш тоифаларидаги жамоалар иштирокида соҳил волейболи бўйича Ўзбекистон чемпионати мусобақалари ўтказилмоқда.
Бугунгача Қашқадарё вилоятида илк бор ташкил этилаётган чемпионатнинг U14 ва U16 ёш тоифаларида мусобақалар якунланиб, ғолиб ва совриндор жамоалар номи маълум бўлди.
U14 ёш тоифасидаги қизлар мусобақасининг финал баҳсида Хоразм жамоаси Қорақалпоғистон Республикасини 2:1 ҳисобида мағлуб этиб, соҳил волейболи бўйича Ўзбекистон чемпиони деган шарафли номга эга чиқди. Сирдарёлик волейболчи қизлар Бухорони 2:0 ҳисобида доғда қолдириши ортидан бронза медалларини қўлга киритди.

Ушбу ёш тоифасининг ўғил болалар ўйинларида Қорақалпоғистон Республикасини 2:0 ҳисобида енгган Самарқанд жамоаси чемпионлик шоҳсупасига кўтарилди. Бронза медали Қарши шаҳридаги Халқаро инновация университети жамоасига насиб этди.

Чемпионатнинг U16 ёш тоифасидаги ўйинлар якунига кўра, ўғил болалар ўртасида Қарши шаҳри, Қорақалпоғистон ва Жиззах вилояти жамоалари совринли ўринлар соҳиби бўлган вазиятда Тошкент, Жиззах ва Хоразм вилояти волейболчи қизлари Ўзбекистон чемпионатининг энг кучли жамоалари эканлигини амалда исботлади.
Бугун, 16 сентябрь куни чемпионат дастурига мувофиқ, U18 ва U20 ёш тоифаларидаги ўйинларга старт берилди.
Мусобақалар 20 сентябрга қадар давом этади.
Т.Рўзиев, ЎзА