"Соғлиқни сақлаш вазири кубоги – 2026" мусобақаси ғолиблари тақдирланди
Ўзбекистон миллий футбол марказида “Соғлиқни сақлаш вазири кубоги – 2026” спорт мусобақаларининг финал босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Соғлиқни сақлаш вазири Элдор Адилов ва бошқалар сўзга чиқиб, мусобақа иштирокчиларини қутлади. Таъкидланганидек, бугунги кунда тиббиёт соҳасида нафақат ўз касбининг фидойилари, балки спортни кенг тарғиб қилувчи, мунтазам жисмоний машғулотлар билан шуғулланиб келаётган ходимлар сафи кенгайиб бормоқда.
Муросасиз ва курашларга бой кечган беллашувлар жараёни малакали ҳакамлар ҳайъати томонидан адолатли ҳамда шаффоф тарзда баҳолаб борилди.
Якуний натижаларга кўра, мини-футбол бўйича Сирдарё вилоятининг "Гулистон тиббиёт кластери" жамоаси шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилиб, “Соғлиқни сақлаш вазири кубоги – 2026” бош соврини соҳибига айланди.
Шашка баҳсларида эркаклар ўртасида 1-ўрин фарғоналик Мухтали Гапировга насиб этди. Аёллар баҳсларида эса хоразмлик Гўзал Қурбоновага тенг келадигани топилмади.
Шахматда эса эркаклар ўртасида Наманган вилояти Давлатобод тумани вакили Фазлиддин Мирабдуллаев, аёллар ўртасида Наманган шаҳрида фаолият юритаётган шифокор Гавҳарой Қўчқорова ғолибликни қўлга киритди.
Стол тенниси мусобақаларида Сурхондарё вилояти жамоаси аъзоси Наврўз Каримов ҳамда наманганлик Маҳмуда Собирова шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди.
Тантанали маросим сўнгида ғолиб ва совриндорларга диплом ҳамда қимматбаҳо совғалар топширилди.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА