“Ҳамшира–2026”нинг сирдарёлик ғолиблари
Гулистон шаҳрида Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Сирдарё вилоят кенгаши ташаббуси ҳамда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, Ўзбекистон Ҳамширалар ассоциацияси Сирдарё вилоят бўлими ҳамкорлигида анъанавий тарзда ўтказилаётган “Ҳамшира – 2026” кўрик-танловининг вилоят босқичи юқори савияда, катта тайёргарлик ва уюшқоқлик асосида ташкил этилди.
Мазкур танлов соҳага садоқат билан хизмат қилаётган, касбий маҳорати ва инсонпарварлик фазилатларини намоён этаётган ҳамшираларни аниқлаш, уларни рағбатлантириш ҳамда ўзаро тажриба алмашинувини янада кучайтиришга хизмат қилиши билан аҳамиятли бўлди. Танлов иштирокчилари учун яратилган шарт-шароитлар ва мусобақа муҳити ҳам юқори талаблар асосида шакллантирилгани таъкидланди.

Кўрик-танловда вилоятнинг турли тиббиёт муассасаларидан саралаб олинган 14 нафар ҳамшира иштирок этиб, тўртта шарт асосида ўзларининг назарий билимлари, амалий кўникмалари ҳамда касбий маҳоратини синовдан ўтказдилар. Ҳакамлар ҳайъати томонидан иштирокчиларнинг тиббий билим даражаси, беморлар билан муомала маданияти, шошилинч вазиятларда тўғри ва тезкор қарор қабул қилиш қобилияти, шунингдек, меҳнат фаолиятидаги масъулияти алоҳида эътибор билан баҳоланди.
– Тадбир давомида ҳар бир иштирокчининг ўз касбига садоқати, инсон ҳаётига бўлган масъулиятли ёндашуви ва амалий тайёргарлиги холисона мезонлар асосида баҳоланиб, соҳа ривожи учун муҳим хулосалар чиқарилди, – дейди Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Сирдарё вилоят кенгаши раиси Акбархон Асқаров.

Танлов якунига кўра, Республика шошилинч тиббий ёрдам маркази Сирдарё вилоят филиали реанимация бўлими ҳамшираси Сарвиноз Маматқулова фахрли 1-ўринни қўлга киритди ва у танловнинг республика босқичида вилоят шарафини ҳимоя қилиш ҳуқуқини қўлга киритди.
2-ўрин Сайхунобод туман тиббиёт бирлашмаси юқумли касалликлар бўлими навбатчи ҳамшираси Муштарий Турдибаевага, 3-ўрин эса Ховос туман тиббиёт бирлашмаси Фарҳод оилавий шифокорлик пункти ҳамшираси Адиба Ғофуровага насиб этди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири