Смартфон эмас, китоб камолотга етаклайди
Ахборот хуружлари кучайиб, ахборот оқими тобора ортиб, ёшлар ижтимоий тармоқларга янада кўпроқ «мафтун бўлиб бораётган» бугунги кунда ўқувчини китобхонликка қайтаришнинг йўллари қандай?
Таниқли шоира, «Шуҳрат» медали соҳиби, маънавият тарғиботчиси, Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар уюшмалари аъзоси, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида китобхонлик ва адабиёт тарғиботи йўлида доимий жонбозлик кўрсатаётган ижодкор Гулчеҳра Шаҳобиддин қизи билан суҳбатимиз шу ҳақда бўлди.
Гулчеҳра опа, бугунги кунда ёшларни китобга қандай қизиқтириш мумкин, деб ўйлайсиз?
– Ёшларни китобга жалб этиш ҳақида сўз борганида, бир парадокс ҳолатга дуч келамиз. Айрим ёшлар китобга мутлақо бефарқлигини инкор этмаймиз, аммо аксарият ёшларнинг мутолаага меҳри жуда баланд экани ҳам кузатилмоқда. Бугунги кунда кутубхоналар ва зиё масканларининг ёшлар билан гавжумлиги бунга яққол мисол бўла олади.
Яхши китоб тарғиботида ёшларга кўпроқ ижтимоий тармоқлар орқали адабиётнинг юксак намуналарини қизиқарли видеороликлар, лавҳалар ва видеопарчалар воситасида етказиш долзарб, деб ўйлайман. Шу билан бирга, ёшлар учун қизиқарли бўлган мавзулар – касбий юксалиш ва карьера, севги-муҳаббат, психологик муносабатлар, илғор технологиялар билан боғлиқ масалалар орқали китоб тарғиботини янада кучайтириш мумкин.
Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда ёзувчи ва шоирлар, машҳур олимлар, санъаткорлар иштирокида китобхонлик тарғиботига жиддий эътибор қаратилмоқда. Бунда машҳур зиёлиларимизнинг ўзлари ўқиган китоблари, мутолаага ёндашувлари шахсий намуна сифатида келтирилади.
Одамларни бугунги кунда ижтимоий тармоқлар, смартфонлар ёки бошқа техник воситалар эмас, айнан яхши китоб камолотга етказиши мумкинлигини турли ижодий учрашувлар, мулоқотлар ва китобхонлик ҳафталиклари орқали очиб беришга жиддий эътибор қаратилмоқда.
Сизнингча, яхши китоб инсонни ўзгартира оладими? Бугунги жамиятимизда учраётган баъзи маънавий кемтикларни, меҳр-оқибатнинг камайиб бораётганини айнан адабиёт орқали «даволаш» мумкинми?
– Бу жуда ўйга толдирадиган савол. Адабиёт, яхши китоб инсонни, ҳатто жамиятни ҳам ўзгартира оладими? Албатта, яхши китоб жамиятни яхши томонга ўзгартиришга қодир. Лекин бу, аввало, ҳар бир китобхоннинг ўзи мутолаа қилган асарга қандай ёндашишига боғлиқ.
Муайян китобни ўқиб бўлгач, кимдир унинг сўнгги саҳифасини ёпади-да, ўз йўлида давом этади. Бошқа биров эса ўқиганларини қайта мушоҳада қилади, таҳлил этади. Китобда баён этилган воқеалар ва фикрларни ўз дунёқараши, фикрлаш тарзи билан қайтадан тарозига солади. Кимдир ўзини асардаги қаҳрамон билан таққослайди, асар воқеалари билан бир муддат ёлғиз қолади.
Китоб жамиятни ёки инсонни ўзгартирадими-йўқми, бу кўп жиҳатдан ҳар бир китобхоннинг ўзига боғлиқ. Ўқувчи асардан қандай хулоса чиқарди? У шу асар орқали ўзини топа олдими? Қаҳрамонлар образи, воқеалар тизимида ўзини кўзгуда кўргандек ҳис қила олдими? Менимча, масаланинг моҳияти айнан шунда.
Гулчеҳра опа, қайси китобларни ёшларга ўқиш учун тавсия этган бўлардингиз?
– Мутолаа жараёни ва ҳар бир китобни танлаб ўқиш, асосан, китобхоннинг дунёқараши, қизиқишлари, орзу-интилишларига боғлиқ. Яхши китобнинг аҳамияти шундаки, у ўқувчини кўпроқ тафаккур қилишга, мустақил фикр юритишга ўргатади.
Ёшларга буюк маърифатпарвар боболаримиз Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар», «Меҳробдан чаён», Чўлпоннинг «Кеча ва кундуз», Ўзбекистон халқ ёзувчилари Одил Ёқубовнинг «Улуғбек хазинаси», Пиримқул Қодировнинг «Юлдузли тунлар», Ўткир Ҳошимовнинг «Дунёнинг ишлари» каби асарларини тавсия этган бўлардим.
Жаҳон адабиёти намуналаридан эса Пауло Коэльонинг «Алкимёгар», Антуан де Сент-Экзюперининг «Кичик шаҳзода», Жорж Оруэллнинг «1984» каби асарлари ёшларни фикрлашга, ҳаётга бошқача нигоҳ билан қарашга ундайди, деб ўйлайман.
Самимий суҳбат учун ташаккур!
- Сизга ҳам ташаккур.
ЎзА мухбири Назокат Усмонова суҳбатлашди.