Сирдарёлик ёш шахматчилар ғолиблар сафида
Тошкент шаҳридаги Халқаро шахмат академиясида ёшлар ўртасида шахмат бўйича Ўзбекистон чемпионати старт олди. Мазкур мусобақа мамлакатимизда шахматни оммалаштириш, иқтидорли ёшларни саралаб олиш ва уларнинг маҳоратини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Қувонарлиси, ушбу нуфузли мусобақада Сирдарё вилояти вакиллари ҳам муносиб иштирок этиб, юқори натижаларни қайд этмоқда. Жумладан, стандарт йўналишда кечган баҳсларда Малика Жумаева ва Лазизбек Шавкатов медалларни қўлга киритди.
Лазизбек Шавкатов 12 ёшгача бўлган тоифада иштирок этиб, 9 та ўйиндан 7,5 балл жамғарди ва якунда фахрли 1-ўринни эгаллаб, олтин медалга сазовор бўлди. Бу натижа унинг юқори тайёргарлиги ва мусобақадаги барқарор ўйинининг ёрқин ифодаси бўлди.

Малика Жумаева эса 18 ёшгача бўлган тоифада иштирок этиб, мусобақа якунига кўра бронза медални қўлга киритди. Унинг бу ютуғи Сирдарё шахмат мактабининг салоҳиятини яна бир бор намоён этди.
Қайд этиш жоизки, Ўзбекистонда сўнгги йилларда шахматга бўлган эътибор ортиб, ёшлар ўртасида халқаро даражадаги натижалар ҳам кўпаймоқда.
Эслатиб ўтамиз, мусобақа 12 апрелга қадар давом этади ва унда яна бир қатор қизиқарли баҳслар кутилмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА