Тафаккур, сабр ва стратегияни бир майдонда синаган мусобақа
Шахматни бежизга тафаккур, сабр ва стратегия мактаби деб аташмайди. Унда ғалаба фақат юришларни билиш билан эмас, ҳар бир қадамни олдиндан ҳисоблаш, вазиятни тўғри баҳолаш ва энг муҳими, шошилмасдан қарор қабул қилиш билан қўлга киритилади.
Сирдарё вилоятининг Ёшлар марказида ана шу жиҳатларни ўзида мужассам этган спортнинг шахмат тури бўйича Сирдарё вилояти очиқ чемпионати ўтказилди.
Мусобақада 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган шахмат ихлосмандлари иштирок этиб, ўзларининг ақлий салоҳияти ва шахмат тахтасидаги маҳоратини намойиш этди. Турнир Швейтсарча тизимда 9 тур давомида ташкил этилди.
Чемпионатда Сирдарё вилоятининг барча туман ва шаҳарларидан ташриф буюрган спортчилар билан бир қаторда, Тошкент вилояти шахмат жамоаси вакиллари ҳам иштирок этишди. Турли ҳудудлардан келган шахматчиларнинг бир майдонда беллашиши мусобақанинг рақобатбардошлиги ва қизиқарли ўтишини таъминлади.

Шахмат тахтаси атрофида эса турли авлод вакиллари жам бўлди. Ёш иштирокчилар билан бир қаторда катта авлод вакилларининг ҳам беллашувларда фаол иштирок этгани мусобақанинг ўзига хос жиҳатларидан бири бўлди. Бу ҳолат шахматнинг ёш танламайдиган, инсонни фикрлашга ва доимо изланишга ундайдиган спорт тури эканини яна бир бор кўрсатди.

Беллашувлар давомида иштирокчилар мантиқий фикрлаш, стратегик ёндашув, сабр-тоқат ва вазиятдан келиб чиқиб тўғри қарор қабул қилиш борасида ўз маҳоратларини намоён этишди. Ҳар бир партиядаги кескин вазиятлар, кутилмаган юришлар ва сўнгги дақиқаларгача давом этган баҳслар иштирокчилардан юксак диққат ва матонат талаб қилди.
Мусобақа якунига кўра, ўғил болалар ўртасидаги баҳсларда Абдуғани Очилов биринчи ўринни эгаллади. Жамшид Шодиқулов иккинчи, Акбаршоҳ Очилов эса учинчи ўринга сазовор бўлди.
Қизлар ўртасида Сарвиноз Орзиқулова чемпионликни қўлга киритди. Ирода Жумаева иккинчи, Марҳабо Раҳматуллаева учинчи ўринни эгаллади.
Мусобақада иштирокчиларнинг ёши ва шахматга бўлган қизиқиши инобатга олиниб, бир қатор махсус номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди. Жумладан, “Ёши энг катта иштирокчи” номинациясида Мамадали Сайдалиев, “Энг ёш иштирокчи” номинациясида эса Абдуллоҳ Анарбоев ғолиб деб топилди.
Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорлар муносиб рағбатлантирилди. Уларга Сирдарё вилояти спорт бошқармаси ҳамда вилоят шахмат федерациясининг диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

Эътиборлиси, бундай мусобақалар нафақат ғолибларни аниқлаш, балки шахматни оммалаштириш, ёшлар орасида ушбу спорт турига қизиқишни кучайтириш, иқтидорли шахматчиларни саралаб олиш ва уларнинг маҳоратини янада ошириш учун муҳим майдон вазифасини ўтайди.

Зеро, шахмат тахтасида қилинган ҳар бир юриш инсонни фикрлашга, вазминликка ва масъулият билан қарор қабул қилишга ўргатади. Сирдарёдаги очиқ чемпионат эса ана шу фазилатларни ўзида мужассам этган янги авлод шахматчиларини кашф этиш йўлидаги яна бир муҳим қадам бўлди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири