Ўзбекистон чемпионатига старт берилди
Шахмат — ақл, сабр-тоқат ва стратегик тафаккурни чархлайдиган ноёб спорт туридир. Сўнгги йилларда юртимизда ушбу интеллектуал спорт нафақат ёшлар, балки фахрийлар ҳамда имконияти чекланган спортчилар орасида ҳам кенг оммалашиб бормоқда.
Бу, аввало, давлатимиз томонидан интеллектуал спорт турларини қўллаб-қувватлашга қаратилган изчил сиёсат, яратилган шарт-шароитлар ҳамда мунтазам ташкил этилаётган мусобақалар самарасидир.

Бугун Ўзбекистон шахмат мактаби жаҳон миқёсида муносиб ўрин эгаллаган, Ўзбекистоннинг собиқ FIDE жаҳон чемпиони (2004–2005), тажрибали гроссмейстер Рустам Қосимжонов, халқаро мусобақаларда муваффақиятли иштирок этган гроссмейстер Алексей Барсов, ёшлар орасида катта ютуқларга эришган Жавоҳир Синдоров, жаҳон рейтингида юқори поғоналарни забт этган истеъдодли гроссмейстер Нодирбек Абдусатторов, аёллар ўртасида халқаро гроссмейстер унвонига сазовор бўлган боёвутлик Сарвиноз Қурбонбоева каби номдор шахматчиларимиз мамлакатимиз шаънини халқаро ареналарда муносиб ҳимоя қилиб келмоқда. Қувонарли жиҳати, бундай иқтидорли спортчилар сафини янги номлар мунтазам равишда тўлдириб бормоқда.

Ана шу эзгу жараёнларнинг узвий давоми сифатида жорий йилнинг 20–25-декабрь кунлари Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида шахмат ва пара шахмат бўйича Ўзбекистон чемпионатига старт берилди. Мазкур мусобақа шахмат спортини янада ривожлантириш, фахрий ҳамда имконияти чекланган спортчиларни қўллаб-қувватлаш, улар учун муносиб мусобақавий тажриба майдони яратишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Чемпионатда мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган тажрибали шахматчилар иштирок этмоқда. Улар шахмат тахтаси устида билим, тажриба ва иродаларини синаб, ҳар бир партияда ғалаба учун муросасиз кураш олиб бормоқда.

Мусобақанинг тантанали очилиш маросимида Сирдарё вилояти ҳокими, вилоят шахмат федерацияси раиси Эркинжон Турдимов иштирок этиб, чемпионатни расман очди ва барча қатнашчиларга муваффақият тилади. Шунингдек, Ўзбекистон шахмат федерацияси раисининг ўринбосари Комилжон Синдоров сўзга чиқиб, бундай мусобақалар спортчилар ўртасида тажриба алмашиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ва шахматни оммалаштиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Чемпионат швейцарча тизим асосида 7 турда, 3 йўналиш — пара шахматчилар (эркаклар ва аёллар) ҳамда 60 ёшдан ошган фахрий шахматчилар ўртасида ўтказилмоқда. Бу эса ҳар бир иштирокчи учун ўз имкониятини тўлиқ намоён этиб, юқори натижаларга эришишга кенг йўл очади.
Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорлар диплом, медаль ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланади. Энг муҳими, Гулистонда ўтаётган ушбу чемпионат шахмат ихлосмандлари учун ҳақиқий байрамга айланиб, янги иқтидорларни кашф этиш, янги номларнинг майдонга чиқишига хизмат қилмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири