Шэньчжэньда уч йирик давлат раҳбарлари учрашади: дунё хавфсизлиги ва стратегик барқарорлик кун тартибида
Жаҳон сиёсатида айрим учрашувлар борки, уларнинг аҳамияти фақат музокаралар столи атрофида муҳокама қилинадиган масалалар билан эмас, балки халқаро муносабатларнинг келгуси йўналишига кўрсатиши мумкин бўлган таъсири билан ҳам белгиланади. Шу маънода, 19 ноябрь куни Хитойнинг Шэньчжэнь шаҳрида бўлиб ўтадиган уч томонлама саммит халқаро ҳамжамият диққат марказида турибди.
Унда Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ва АҚШ Президенти Дональд Трамп иштирок этади. Хитой Ташқи ишлар вазирлиги 16 ноябрь куни эълон қилган маълумотга кўра, бу уч давлат раҳбарларининг тарихдаги илк юзма-юз учрашуви бўлади.
Хитой Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мао Ниннинг таъкидлашича, саммитда томонлар жаҳон тинчлигини сақлаш, йирик давлатлар муносабатларида стратегик барқарорликни таъминлаш масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашади. Ушбу мулоқот халқаро муносабатлар тарихида янги саҳифа очиши мумкин.
Бежиз эмаски, учрашувга нисбатан қизиқиш фақат мазкур уч мамлакат билан чекланмаяпти. Зеро, Хитой, Россия ва АҚШ Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг таъсисчилари, Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзолари ҳисобланади. Уларнинг халқаро жараёнларга таъсири, хавфсизлик ва иқтисодий ҳамкорлик масалаларидаги позициялари кўплаб минтақалардаги вазиятга бевосита дахлдор.
Хитой Халқаро муносабатлар университети ректори Гао Фэйнинг фикрича, бугун жаҳон тартиби ўзгариш ва қайта шаклланиш жараёнини бошдан кечираётган бир пайтда уч давлат раҳбарларининг долзарб халқаро масалаларни биргаликда муҳокама қилиши алоҳида аҳамият касб этади. Чунки глобал муаммоларни ҳал этиш, тинчлик ва барқарорликни таъминлашда мазкур давлатлар зиммасида муҳим масъулият бор.
Хитой Ижтимоий фанлар академияси Жаҳон иқтисодиёти ва сиёсати институти директори Ляо Фань эса уч мамлакат ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш, мавжуд келишмовчиликларни бартараф этиш ва муносабатларда барқарорликни сақлаш нафақат уларнинг миллий манфаатларига, балки халқаро ҳамжамият кутувларига ҳам мос келишини қайд этади.
Дарҳақиқат, бугунги мураккаб геосиёсий шароитда йирик давлатлар ўртасидаги муносабатлар халқаро хавфсизлик, савдо-иқтисодий алоқалар ва минтақавий ҳамкорликка таъсир кўрсатувчи муҳим омиллардан бири бўлиб қолмоқда. Шу боис бундай мулоқотларда ўзаро позицияларни англаш, фарқли қарашларни муҳокама қилиш ва келишувга эришиш имкониятларини излаш муҳим аҳамиятга эга.
Саммитнинг айнан Хитойнинг Шэньчжэнь шаҳрида ўтказилиши ҳам эътиборга молик. Хитойнинг мазкур шаҳри халқаро иқтисодий алоқалар ва технологик тараққиёт марказларидан бири сифатида танилган. Учрашувнинг ушбу манзилда ташкил этилиши эса Хитойнинг йирик давлатлар ўртасидаги мулоқотни ривожлантиришга қаратилган дипломатик саъй-ҳаракатлари билан боғлиқ ҳолда қаралмоқда.
Мутахассислар фикрича, учрашувда халқаро хавфсизлик, сунъий интеллектни тартибга солиш, жаҳон савдо-иқтисодий алоқалари ва таъминот занжирлари барқарорлиги каби масалалар юзасидан фикр алмашиш имконияти ҳам мавжуд. Шунингдек, Яқин Шарқдаги вазият ва ядровий қуролларни назорат қилиш масалалари ҳам халқаро кун тартибидаги долзарб мавзулардан ҳисобланади. Бироқ Хитой томони ҳозирча саммитнинг батафсил кун тартибини эълон қилмаган.
Экспертлар эътибор қаратаётган яна бир муҳим жиҳат шундаки, учрашувдан кўзланган мақсад ҳар бир масала бўйича дарҳол аниқ келишувларга эришишдан кўра, ўзаро мулоқот учун барқарор каналларни шакллантириш, умумий манфаатлар доирасини белгилаш ва мавжуд тафовутларни бошқариш имкониятларини кенгайтиришдан иборат бўлиши мумкин.
Бинобарин, халқаро муносабатларда мулоқотнинг ўзи ҳам муҳим сиёсий восита ҳисобланади. Айниқса, дунёдаги сиёсий ва иқтисодий жараёнлар бир-бири билан чамбарчас боғланиб бораётган ҳозирги даврда йирик давлатлар ўртасидаги очиқ мулоқот ва ўзаро англашув халқаро барқарорлик учун аҳамиятлидир.
Шэньчжэньдаги учрашув ҳам ана шу нуқтаи назардан катта қизиқиш уйғотмоқда. Унинг натижалари нафақат уч мамлакат муносабатлари, балки халқаро ҳамжамиятнинг глобал муаммоларга ёндашуви ва уларни биргаликда ҳал этиш имкониятлари ҳақидаги тасаввурларга ҳам таъсир кўрсатиши мумкин.
Нилуфар Бозорова, ЎзА